Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Эрон Ғарбнинг Исроилга ҳужум қилмаслик чақириғига жавоб берди. Трамп Илон Маскка берган интервьюсида нималар деди?
🔹 Украина ҳарбийларининг Россиянинг Курск вилоятига кирганига бир ҳафта ўтди. Мутахассислар бу ҳолат Россия томони ҳаракатини мураккаблаштириши мумкинлигини айтмоқда. Бугун Курскнинг яна бир районида эвакуация эълон қилинди. У Украина билан чегарадош эмас.
🔹 Эрон Ғарбнинг Исроилга ҳужум қилмаслик ҳақидаги чақириқларини сиёсий мантиқдан холи деб атади. Хусусан, эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Носир Канани Франция, Германия ва Буюк Британиянинг Эронни Исроилга ҳужум қилмасликка чақирган қўшма баёнотини сиёсий мантиқдан холи деб атаган.
🔹 Россия ҳарбий-денгиз кучлари НАТО билан эҳтимолий зиддият юзага келган тақдирда Европа давлатларига қарши ядровий зарбалар беришни машқ қилган. Бу Financial Times журналистлари томонидан тайёрланган махфий ҳужжатлардан келиб чиқади.
🔹 Доналд Трамп Илон Маскка ижтимоий тармоқда эфирга узатилган катта интервью берди. Суҳбатда Трамп Байденни Россиянинг Украинага бостириб киришида айблаган ва Хитой ядро қуроли бўйича АҚШни ортда қолдириши мумкинлигини айтган. Сиёсатчининг сўзларига кўра, эҳтимолий Учинчи жаҳон уруши, албатта, ядро қуролидан фойдаланишни ўз ичига олади. У, шунингдек, Вашингтон Россия ва Хитой манфаатларининг мос келишига йўл қўймаслиги кераклигини таъкидлади. Маскнинг айтишича, суҳбатни тармоқда 1 миллиард одам кўрган.
🔹 Қозоғистон транспорт йўналишларини, жумладан, "Ўрта йўлак" деб аталадиган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини фаол ривожлантириш орқали транзит ҳажмини сезиларли даражада оширишга, йирик минтақавий савдо ва логистика маркази сифатидаги ролини кучайтиришга интилмоқда.
🔹 ТикТок ижтимоий тармоғи Венесуэла президенти Николас Мадурони бир ҳафтага трансляция қилиш имкониятидан маҳрум қилди. Август бошида мамлакат раҳбари ижтимоий тармоқни мамлакатда нафрат уйғотаётганликда айблаб, қонуний жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган, Х (собиқ Twitter) фаолиятини 10 кунга тўхтатган эди.
🔹 Исроил мудофаа кучлари Эрондан эҳтимолий жавоб ҳужуми ҳақидаги хабарлар туфайли юқори шай ҳолатга келтирилган.