Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Исроил ҳарбийлари Ғазодаги БМТнинг қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигига тегишли мактабига зарба берди

🔹 Еврокомиссия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларни июнь охиригача бошлашни тавсия қилмоқда. Айтилишича, бугун, 7 июнь куни Еврокомиссия Украина ЕИга аъзо бўлиш учун зарур бўлган барча мезонларга, жумладан, коррупцияга қарши ислоҳотлар, сиёсий лоббичиликка чекловлар, мансабдор шахсларнинг мол-мулкини декларациялаш қоидалари ва миллий озчилик тилларини ҳимоя қилишга жавоб бериш-бермаслигини эълон қилади.

🔹 Ереван-Севан трассасидаги газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш натижасида етти киши касалхонага ётқизилган. Икки жабрланувчи реанимацияда. Шифокорлар уларнинг аҳволини ўта оғир деб баҳоламоқда.

🔹 Қозоғистонда сув тошқинидан зарар кўрганларга республика шимолида уйлар қурилди. Петропавловскда бутун бир микрораён қурилган. Янги уй калитлари ўз эгаларига топширила бошланди.

🔹 "Киевга Россия ҳудудига зарба бериш учун Америка қуролларидан фойдаланишга рухсат бериш “жуда фойдали” бўларди". Бундай фикрни CNN телеканалига берган интерьвюсида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билдирди. "Биз Путинда Украинани оёқ ости қилиш имконияти йўқлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак", деди Пентагон раҳбари Жо Байденнинг "Путин тўхтамайди" деган сўзларини эслаб.

🔹 Германия исломий ва сиёсий мақсадлардаги ҳужумлар учун жазони кучайтиради. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шолс Бундестагда маълум қилди. Расмийлар 31 май куни Маннхаймда немис консерватив сиёсатчиси ва Ислом танқидчиси Майкл Штурзенбергерга пичоқ билан қилинган ҳужумга шундай жавоб берди.

🔹 Украина президенти Владимир Зеленский Ғарб давлатларидан ҳарбий хизматчиларнинг Украинага “туширилиши”га умид қилмоқда.

🔹 Пайшанба куни Исроил ҳарбийлари Ғазодаги БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлигига тегишли мактабга зарба берди. Цахалга кўра, у ерда ҲАМАС қўмондонлик пункти бўлган ва зарбада 7-октябрдаги ҳужумга алоқадор жангарилар йўқ қилинган. Бироқ, Фаластин матбуотига кўра, мактабдан бошпана топган камида 27 киши ҳалок бўлган. ҲАМАС етакчиси Исмоил Ҳания агрессияни тўлиқ тўхтатиш, қўшинларни олиб чиқиш ва асирларни алмашишга асосланган ҳар қандай келишувни олқишлашини маълум қилган.

🔹 АҚШ Украинага мудофаани қўллаб-қувватлаш доирасида 225 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этади.