Эҳтиёжманд аҳоли вакиллари ва ногиронлиги бор шахслар спектаклларга бепул киритилади

“Театрларнинг жамият маданий ҳаётидаги аҳамиятини ошириш ва улар фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, аҳоли, айниқса, ёшларнинг театрларга доимий ташрифларини назарда тутувчи «Театр — ибратхонадир» дастури амалга оширилади.

Бунда «Маҳалла еттилиги» аъзолари билан биргаликда ҳар ойда маҳаллаларда «Театр куни» тадбирлари ўтказиш йўлга қўйилади. «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат театрларининг спектаклларига бепул киритилади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофотлар таъсис этилади

Қарорга кўра, драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги ҳамда ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев номидаги мукофот таъсис этилади. Мукофотлар бўйича танловлар ҳар икки йилда ўтказилиб, уларнинг ғолиблари меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 баробари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

"Режиссёр – драматург – композитор – рассом" тамойили асосида ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 2025 йилдан ҳар йили август ойида “Нигоҳ” ижодий лойиҳаси амалга оширилади. Миллий академик мусиқа санъатини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида ҳар 2 йилда миллий композиторлар танлови ўтказиб борилади.

Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик театри ҳузурида Театр режиссёрлари академияси ташкил этилади. Жаҳон драматургияси намуналаридан таржима қилинган асарлар бўйича ҳар йили “Энг яхши таржима саҳна асарлари” танлови жорий этилади.

2025 йилдан:

-  ҳар 2 йилда тарихий ва замонавий мавзулар бўйича “Энг яхши пьесалар” танлови ташкил этилади;

-  Ўзбекистон театр жамоаларининг миллий рейтинги тузилади.