Экологик маданият нега шаклланмаяпти?

“Сувга тупурма, сувни исроф қилма, чиқиндини ариққа ташлама, синдирма, уйни тўзғитма...”. Ота-онамиз, бобо-бувиларимиз, умуман, ёши катталар бу гапларни болалигимиздан қулоғимизга қуйишган. Бироқ ҳозир нафақат ёшлар, балки катталарнинг ҳам табиатга муносабатига ҳавас қилиб бўлмайди.

Биргина мисол. Қишлоғимиз тоғ ёнбағрида жойлашган. Ҳудуднинг сўлим табиати, тоза ҳавоси кишининг чорлайди. Кимдир оиласи, бошқа биров дўстлари билан келиб, тез-тез ҳордиқ чиқаради. Лекин аксарият ҳолларда улар кетгач, ўша жойда орқасидан чиқиндилар тўпланиб қолади. Бу кетишда тоғлар ҳам чиқиндихонага айланиши ва дам олиш жойлари кескин камайиши ҳеч гап эмас.

Хўш, фуқароларнинг табиатга муносабатини ўзгартириш учун нима қилиш керак?

Қадриятларимиз давом эттирилса...

Халқимизнинг жуда кўп яхши урф-одатлари бор. Жумладан, ота-боболаримизнинг оилада ўғил фарзанд туғилганда, унга иморат қураман, уй қиламан, деб дарахт экиши, боғ яратиши эзгу қадрият саналади. Аммо кейинги пайтда бундай анъаналар эътибордан четда қолмоқда. Тўғри, турли дастур, акция ва тадбирлар доирасида кўчат экиляпти. Бироқ кўчат экиш ҳар бир оилада анъанага айлантирилиб, қадриятларимиз давом эттирилса, диёримизда гўзал манзара ҳосил бўлади. Қолаверса, соф ҳаводан нафас оламиз, оила ва ёшлар ўртасида экологик маданият шаклланади.

Хорижликлардан ўрганиб, ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик

Японияликлар ўз ватанида ёки бошқа юртда бўлса ҳам борган жойини тоза, озода сақлайди ва ҳатто чиқиндиларни ўзи билан олиб кетади. Машинада юрганда ойнадан чиқинди улоқтирмайди, кечаси кимнингдир эшиги тагига чиқинди ташлаб кетмайди, ота-онаси тенги одамларнинг меҳнатини қадрлайди. Чунки бу уларга хос менталитет. Оилада, таълим муассасалари ва ишхонада ҳам тозаликка эътибор қаратилади. Шу боис ҳам бу мамлакатда 80 фоиздан зиёд қаттиқ ва маиший чиқинди қайта ишланади.

Японияда ҳар йили чиқиндиларни йиғиш бўйича халқаро чемпионат ҳам бўлиб ўтади. Унда нафақат японияликлар, балки бошқа мамлакат вакиллари ҳам қатнашади.

Хўш, нега бизда шундай ташаббуслар йўқ? Аксарият ҳолларда арзимаган тадбир ва челленжга миллионлаб маблағ сарфланади. Ўзимизда ҳам шундай мусобақалар ташкил қилиб, жойларда ободонлаштириш ишларини олиб бориш керак. Фаол иштирок этганларга соврин ёки пул мукофоти берилса, янаям яхши. Йўқса, бу ишга кўпчиликни жалб қилиб бўлмайди. Зора, чиқиндини махсус қути ёки белгиланган жойга ташлашни ўрганамиз. Ҳеч бўлмаганда, ҳудуд обод бўлади ва ободонлаштириш ходимлари меҳнатининг қадрига етармидик.

Яқинда Германияда бўлган танишимнинг айтишича, бу давлатда бирор жойда чиқинди сочилиб ётмас экан. Чунки чиқинди аҳолидан сотиб олинади ва ҳар қадамда чиқинди ташланадиган махсус ускуналар қўйилган. Эътиборлиси, ускуна ташланган чиқиндининг турига қараб, пул чиқаради ва қайта ишлашга саралаб беради.

- Германияда маиший чиқиндиларни алоҳида йиғиш 1980йилларнинг охиридан бошланган бўлса, 2015 йилдан танлаб йиғишнинг ягона тизими ишлаб келмоқда, - дейди у. - Германияликлар маиший чиқиндилардан биомасса, қоғоз, шиша, металл ва пластмассани алоҳида тўплайди. Бу турдаги чиқиндилар учун махсус рангли идишлар ўрнатилган. Масалан, кўк – қоғоз маҳсулотлари учун, яшил – органик чиқиндилар учун. Дорихоналарда муддати ўтган дори-дармонлар қабул қилинади, дўконларда эски батареялар учун йиғиш пунктлари мавжуд бўлиб, мамлакатда маиший чиқинди 66 фоиз қайта ишланади.

Германия ва Япония - ривожланган давлатлар. Биз ҳали уларнинг даражасига етганимиз йўқ ва ҳатто мамлакатимизда чиқиндиларни ташлаш учун урна етишмайди. Фуқароларимизда атроф-муҳитга муносабат ва чиқиндини саралаш кўникмаси ҳам етарли даражада шаклланмаган. Масалан, ҳозир юртимизнинг барча туман, шаҳар ва маҳалла марказларида чиқинди йиғиш жойлари ва қутилари бор. Чиқиндиларни бир-бирига аралаштириб юбормаслик учун урналар турли рангда ва устига “қоғоз, пластик, бошқа чиқиндилар” деб ўзбек, рус ва инглиз тилларида ёзиб қўйилган. Чунки пластмасса, шиша, металл ва қоғоз асосий турдаги чиқиндилар бўлиб, қайта ишлашга осон ва қулай. Бироқ аксарият ҳолларда бунга эътибор берилмайди. Кимдир қанақа чиқинди бўлишидан қатъи назар, истаган қутига ташласа, бошқа биров дуч келган жойга улоқтиради. Ҳатто чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаш жаримага сабаб бўлса ҳам.

Албатта, чиқиндини урнага солиш учун қайсидир таълим даргоҳида ўқиш шарт эмас, балки одамда фаросат бўлиши керак. Бу тушунча эса оила муҳитида шаклланади. Ҳар бир хонадоннинг саришталиги, ободлиги унинг остонасидан, кўча-кўй, ҳовли-жойни тоза ва саранжом тутишда билинади.Ёши катталар неъматларнинг қадрига етса, исроф қилмасликни, тежаб ишлатишни ўзидан бошласа, фарзандлари ва ён-атрофдагилар улардан ўрнак олади.

Чиқиндини қайта ишлаш учун имтиёзларни кўпайтириш керак

Юқорида атроф-муҳитга муносабат, чиқиндиларни қайта ишлаш борасида  ривожланган мамлакатлар тажрибаси ҳақида тўхталдик. Айни шу тажриба асосида органик моддалардан биогаз олишни йўлга қўйган самарқандлик тадбиркор фаолияти   ҳақида ҳам ёзишни маъқул топдик.

Махсус ускуналарда органик моддаларни бижғитиш усули билан биогаз олиш технологиясидан Хитойда биринчи бўлиб фойдаланилган. Ҳозирда мамлакатда миллий энергоистеъмолининг 30 фоиздан ортиғи биогаз ҳисобидан. Бу қурилма жуда содда бўлиб, кам сонли қорамол ва паррандага эга бўлган ҳар бир хонадон эгаси уни ўрнатиши мумкин. Майдон жиҳатидан кўп жой эгалламайди, реактор учун ҳам жиҳозлар сони кам. Мамлакатимизнинг 60 фоиздан кўпроқ аҳолиси қишлоқ ҳудудида яшашини ҳисобга олсак, бу усулда биогаз олиш жуда қулай. Хитойга бориб, ушбу тажрибани ўрганган пайариқлик тадбиркор Алижон Темиров аҳоли хонадонларида қишлоқ шароитида органик чиқиндидан биогаз олишга мўлжалланган кичик ҳажмдаги биогаз қурилмалари ўрнатмоқда.

- Ҳар бир қорамол чиқиндисидан бир кунда 4,2 куб метргача биогаз олиш мумкин, - дейди «Узбиогаз» МЧЖ раҳбари А.Темиров. – Бошқача айтганда, битта қорамол чиқиндисидан олинадиган кунлик биогаз қарийб 10 килограмм ёғоч-ўтин ёки 5 килограмм кўмир энергиясига тўғри келади (Органик чиқиндига барг-хазонлар ва чирийдиган бошқа чиқитларни ҳам аралаштириш мумкин). Хитойда кўп хонадонларда биогаз қурилмаси ўрнатилган бўлиб, бу усулни ўрганиш мақсадида ушбу давлатда бўлдим ва мутахассислар билан тажриба алмашгач, биогаз қурилмалари ишлаб чиқарувчи цех ташкил қилдим. Ҳозир йигирмага яқин хонадонга шундай қурилма ўрнатдик.

Қурилма нархи ҳажмига қараб 20 миллион сўмдан бошланади. Бироқ фуқаролар ускунани сотиб олишга қийналмоқда. Шунинг учун биоқурилмани осон ва қулай усулда ўрнатиш учун фуқароларга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратиш, чиқиндидан биогаз олиш бўйича кластерлар ташкил қилиш, маҳаллий фермаларда биогаз заводларини ташкил этиш, биотехнология соҳасида кадрлар тайёрлаш ва хориж тажрибасини ўрганиш керак.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.