Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Эл эҳтироми ёхуд Сурхонда қолган соғинч

Инсон ҳаётида шундай порлоқ дамлар бўладики, бу дамлар унга бўлакча куч-қудрат, қувват ҳадя этиб, анча пайтлар унинг нашъаси билан сармаст бўлиб юради. Аллоҳга минг қатла шукрки, бундай латиф дамлар менга кўп насиб этган. Аммо яқиндагиси, назаримда, уларнинг ҳаммасидан ўтиб кетди.

 Бир қўнғироқ ҳаяжони

Шунда зарур бир юмуш билан идорадаги қўшни хонага эндигина кирган эдим. Ортимдан ёрдамчи қиз Сайёра югургилаб кирди. Қўлида мен иш столимда эсдан чиқариб қолдирган қўл телефоним.

Домла, домла, сизни Самарқанддан сўрашмоқда.

Хаёлимга лаҳзада шундай ўйлар урилди: “Самарқанд… Самарқанд... У ёқда менга ким телефон қилиши мумкин-а.? Адашмасам, тўғриси, гаплашиб-сўзлашиб юрадиган яқин қадрдоним йўқ эди-ку?” Шу боис ажабланган кўйи телефонни қулоғимга тутдим.

Ундан жуда-жуда ёқимли, ширингина таниш бир овоз эшитилди. Бу овоз менга ғоят яқин ва жуда-жуда қадрдон эди. Танамни бор бўйича ҳаяжон қуршаб олди.

- Ассалому алайкум, Эркинжон! Ассалому алайкум, ўзимнинг ҳоким укам. Самарқанд – “заминнинг сайқали” қандай? Ишларни гуриллатиб давом эттиряпсизми?

- Раҳмат, кўп раҳмат, Тоштемир ака! Тани-жонингиз соғми? Уйдагилар эсон-омонми? Ҳозиргина кексалар билан қизғин мулоқотдан чиқдим. Ишонинг, уларга сизнинг жасоратли ҳаётингиз ҳақида сўзлаб бердим. Ахир “Жасоратли” деган сўз сизга ғоят ярашади-да! Олимлик, ўнлаб китобларга муаллифлик, яна Деновдай адабий муҳитни бошқариш, уларга мудом бош-қош бўлиш, 76 ёшда ҳам йигитона куч-қудрат билан туманнинг маърифат ишларига етакчилик қилиш - буни мен жасорат дейман.

Тоштемир ака! Мен Сурхондарёда ишлаган давримда бир нарсага қаттиқ амин бўлдим, фахрландим. Ишонинг, хаёлимда сизнинг ёшингизга етиб, сизнинг ёшингизда ҳам эл қаровида бўлиб юришни орзулайман. Шу ёшда ҳам сизга наинки Сурхондарё, ҳатто Тошкент талпинади. Шу талпиниш туфайли ўтган йилнинг 15-17 апрель кунлари Деновда адабиёт байрамини ўтказдингиз. Уч кун-а! Шунда мен бу улкан анжуманни илгарилари бўладиган уч кунлик суннат тўйларига менгзаганман. Ўшанда Деновга республикамизнинг ҳазилакам одамлари эмас, зўр-зўр шоир-ёзувчилари-ю, академик олимларигача саф-саф бўлиб борган эди.

- Раҳмат, раҳмат, Эркинжон! Биласизми, мен сизни расмий давраларда ҳам “Эркинжон Турдимов” демаганман. Эрким сиғиб, устоз кўнглидан чиққан шогирдини меҳрлагандай, суйгандай бўлиб, “Эркинжон” дердим. Бугунги телефонингизни қаранг-а… Бир бошқача бўлиб кетдим. Раҳмат, минг бора қуллуқ-ей! Дунё тургунча туринг. Амир Темур юртига султон бўлиш ҳазилакам нарса эмас, укам.

- Айтмоқчи, Тоштемир ака, Деновда сизга берган гапим - гап. Ваъдам - ваъда. Мен яхши эслайман. Шунда катта йиғиндан чиқувдим. Йиғинни биласиз, гоҳи гоҳида бироз кўнгилхиралик билан… сал толиққандай бўлиб тургандим. Кутилмаганда сиз келиб қолдингиз. Худди ота фарзандини бағрига олгандай бўлиб мени бағрингизга олдингиз. Энди айтай, шунда мен ҳам бир бошқача бўлиб кетдим. Шунда сал оғирроқ ўтган йиғиндан толиқиш, айрим хира воқеалар тутуни бирдан тарқаб кетгандай бўлди. Сиз бор вужудингиз билан чиройли кексалик суратида менга жилмайиб қараб турардингиз.

“Эркинжон, - дедингиз йиғиндаги воқеалардан хабардордай бўлиб, - ўзингизни кўп… чарчатиб қўйманг. Агар малол келмаса, сизни бир пиёла чойга таклиф этсам дегандим”, дедингиз. Мен шунда “Сабаб”, дедим. “Сабаби, кеча Термизда кўксимга тақиб қўйган “Дўстлик” орденини шарафлаймиз”, дедим. “Бошқа пайт бўлар, ака. Аммо бугун ишонсангиз ҳар минут вақтим ўлчовда”, дедим.

Йўқ, йўқ, энди сиздан кечирим сўрайман. Вақтим ҳар қанча тиғиз, ўлчовда бўлса ҳам шунда сизга ҳеч қурса ярим соат вақт ажратишим керак экан.

- Раҳмат, укам, раҳмат.

- Тоштемир ака, сизни Самарқандга таклиф этаман. Мана, куз яқинлашиб, кунлар салқинлаб боряпти. Ўзим сизни Самарқандни айлантираман, кексалар гурунгларига олиб ўтаман.

- Кўнглим тоғдай ўсди, Эркинжон. Кам бўлманг. Биламан, сиз адабиётни ғоят яхши кўрасиз, яхши китоблар жону дилингиз. Агар йўқ демасангиз, бир шеър айтсам.

- Қанийди, бир маза бўларди.

 

- Самарқанддир, Бухородир, офтобжамолдир,

Жаҳон аро давраларда тотли мақолдир.

Бешигим дер уни бутун улуғ Осиё,

Бешигида улғаймишдир Улуғбек, Сино.

 

- Зўр шеър экан, ўзингизданми, Тоштемир ака?

- Йўқ, Жамол Камолдан.

Хайрлашиб, телефонни стол устига қўяр эканман, унга худди энди кўраётгандек тикилардим. Телефон кўзимга жуда-жуда иссиқ, бир бошқача кўринарди.

Ҳайрат

Эркинжон Трудимов Сурхондарё вилояти ҳокими бўлган пайтлар. Эсимда, эрталаб соат тўққизлар эди. Туман ҳокимининг ёрдамчиси мени туман ҳокими йўқлаётганини айтди. Табиийки, шошилинч тарзда унинг истиқболига ошиқдим. Салом-аликдан кейин у киши шундай дедилар:

- Тоштемир ака, сизни вилоят ҳокими Эркинжон Оқбўтаевич йўқлаяптилар. Бугун тушдан кейин соат иккиларда у кишининг қабулига бораркансиз.

- Нега? Бирор сабабини айтдими?

- Йўқ, айтмадилар.

Хуллас, йўлга чиқдим. Тўғриси, хаёлларим айқаш-уйқаш эди. Саволлар тинчимни бузарди. “Вилоят ҳокимининг менда қандай иши бўлиши мумкин? Шахсан-а? Мен бор-йўғи туманнинг маънавият маърифат бўлимининг раҳбари бўлсам. Қизиқ?”

Ҳар хил ўй ва хавотирларим у кишининг ишхонасида тумандай тарқаб кетди: мени ғоят очиқ чеҳра ва очиқ кўнгиллилик билан қабул қилди.

-Ассалому алайкум, Тоштемир ака, аввало сиздан узр сўрайман. Мен сизни ташвишга қўйгандайман. Биласизки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович давлат раҳбари сифатида лавозимга киришган илк кунларданоқ китоб, китобхонлик ва мутолаа масаласига катта эътибор қаратдилар. Бу борада қатор қарор ва фармойишлар қабул қилиниб, давлат дастурлари амалга оширилаётир. Узр сўрашимнинг сабаби шуки, сизни овора қилмай, Деновга борганимда учрашсам бўлармиди. Шу баҳонада кўпчилик мақтаётган академик кутубхонангизни ҳам кўрган бўлардим.

- Бемалол. Ишдамизми, ишни бажаришимиз керак ва шарт.

Китоб, китобхонлик, китобнинг ҳозирги шароитдаги ўрни ҳақидаги қизғин суҳбатимиз бир соатдан кўпроқ давом этди. Тўғриси, табиатимда бир ўжарлик бор. Унча-мунча мутахассисларнинг билими ва дунёқарашидан кўп қониқмайман.

Эркинжон Турдимов эса бир бошқа дунё эди, ҳайратланарли дунё эди. Мутахассислиги иқтисодчилик бўлса-да, адабиётни мендан, филология фанлари номзодидан-да зўр биларди. Ҳатто Юсуф Хос Ҳожибнинг машҳур “Қутадғу билиг” асаридаги шеърий сатрларни ёд айтганда, рости, хаёлимдан “Ҳали бизлар ҳеч ким эмас эканмиз”, деган фикрлар ўтганини энди бугун рўй-рост ва дангал айтгим келади.

У кишининг қуйидаги фикрлари ҳамон қулоғим тагида жаранглайди. “Болалигимдан эшитиб юрган мақол ва маталларим, бетакрор эртаклар зеҳнимни чархлаган, гўё улар болалик ҳаётимга зийнат бағишлагандай. Албатта, илк бора эртак китобларни ўқиганман. Эртаклар таъсирида ҳаётга муҳаббат, оилага, ота-онага меҳр, дўсту ёрга садоқат, келажакка умид, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва адолат тантанасига ишонч туйғулари пайдо бўлган. Вақт ўтиши билан улғайиб ҳикоя ва асарларни ўқий бошлаганман. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояларини кўп ўқиганман, Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб”, “Сариқ девнинг ўлими” деган асарлари шулар жумласидандир.

Аммо Сурхондарёда китоб, китобхонликка муносабат кўнглимни тўлдирмаётир. Кутубхоналар анча ночор. Кўплари номига, китоб фонди жуда кам. Баъзиларида 100 турга ҳам етмайди. Шу боисдан бўлса керак, эл ўз шоир-ёзувчиларини билмайди, танимайди. Ўқимаса, ахир, қандай билсин. Қисқаси, китобдан - Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов нақллаган “саккизинчи мўъжизадан” бебаҳра қолмоқда. Қисқаси, мен бу ҳақдаги фикрларимни ёзиб, қоралаб қўйганман. Мана улар. Суҳбатимизга керак бўлган жойда шулардан фойдаланарсиз.

Вилоят ҳокими бу гаплар билан юрагимга ўт ташлагандек бўлди. Унга меҳрим аввалгиларга қараганда ҳам гўё юз чандон ошгандек эди. Бошида минг бир ташвиш бўлган бу одамнинг китобхонликка қайтмоғимиз шарт, китоб йўли одамзод учун ўзликка қайтиш йўли, камолот йўлидир, деб айтишларига ҳавасланиб қараб турардим,

Қисқаси ҳокимнинг китоб, китобхонлик, бу йўлдаги мураккаб муаммолар ҳақидаги фикрлари  жамланиб, “Эл ўз шоир-ёзувчисини танисин” деган мақола тайёр бўлди. Бу суҳбат рукнидаги мақола республикадаги ажойиб газета – “Китоб дунёси”га чиқиб кетди. Мақола қизғин қарши олинди. Ўнлаб газеталар кўчириб босди. Мактабларда, коллежларда ва меҳнат жамоаларида ишлаб чиқилди. Энг муҳими шундаки, китоб, китобхонлик ва кутубхона ишларида бирданига жонланиш сезилди. Вилоят ҳокими эса қайси туманга борса, албатта, учта-тўртта кутубхонани кўздан кечиришни канда қилмасди.

Ғайрати чақмоқдай йигит

Эркинжон Турдимов ғоят ғайратли, ғоят куюнчак, чарчаш нималигини сира-сира билмайдиган раҳбар йигит эди. У вилоятдаги 14 та туманни қаричма-қарич биларди, десам гапларимга ишонаверинг. Айниқса, унинг энг кўп қатнайдиган жойи Олтинсой тумани эди.

Туман вилоятда энг кенжа туман бўлиб, бу ерда ишлаб чиқариш ривожланмаган, саноат корхоналари деярли йўқ, бу қолоқлик эса ҳар қадамда билинар, олға силжишга тўсқинлик қиларди. Вилоят ҳокими ҳафтада, баъзи пайтлари эса ишонинг, кун ора бу туманга қатнайдиган бўлди. Яшириб нима қиламиз, авваллари вилоятга етакчилик қилган ҳокимлар беш олти йил бўлган бўлса-да, ҳаётларида бу қолоқ туманга бир ёки икки марта келган, холос. У асло чарчамасди. Эринмасди. Йигит жони билан ишларди. Олтинсойда бўлганимда менга у кишининг қаттиқ қишда тоғ этагидаги нотекис йўлдан - Хўжаипок дарасидан Вахшивор қишлоғига ўтганини ҳайрат билан гапириб беришди. У гоҳ Вахшивор, Лўкка, Чинор қишлоқларига чиқиб кетар, у ердаги ҳал этилиши қийин бўлган ва кўпдан бери элни қийнаб келаётган муаммоларни ғоят тадбиркорлик, “қўли узунлик” билан ҳал қиларди. Унинг одамгарчилиги ва меҳридан иқтисодий ночор оилалар, айниқса, кексалар ҳузур топарди.

Бир келганда туман марказидаги кўп қаватли уйларнинг ночор кўриниши ва уларнинг ҳовлисидаги кўримсизлик эътиборини тортди. Унинг ташаббуси билан “Бўстон” маҳалласи ҳақиқий қурилиш майдонига айланди. Ҳозир ўтган-кетганлар “Энди бу жойлар “Бўстон”дек жойга ярашибди, дейишмоқда. Эркинжон Турдимовнинг назаридан мактаб, ўқиш, ўқитиш ва айниқса, даволаш масканлари четда қолмасди. Улардаги тартибсизлик, парокандаликни сезиб, бу ерларга ишчи гуруҳ аъзоларини сафарбар этди. Бу сафарбарлик якуни 7 июль куни туманда ўтказилди.

Йиғилиш ғоят кескин ўтди. Раҳбарликни эплай олмаётган мутасаддиларга кескин чоралар кўрилди. Туман ҳокими муовинларидан айримлари ва марказий шифохона бош врачи шу жойнинг ўзида ишдан олинди.

Шу йиғилишда яна бир қизиқ ҳолат кузатилди. Бу кузатув одамларда ҳокимга инсбатан ҳурмат ва эътиборини янада ошириб, ҳатто ҳавасини келтирди. Ҳокимнинг қўлида республика газеталаридан бири турарди. У қўлидаги газетага ишора қилиб, янгигина тайинланган туман халқ таълими бўлими мудирига юзланди:

- Сизни “Ойдан тушган мудир” деб ёзишибди. Ўқидингизми, ўзингиз ҳақидаги шу мақолани? Ишингизни ўнгланг, яхши йигит.

Шунда эл вилоят ҳокимига ғоят газетхон, ўқимишли, назаридан ҳеч нарса четда қолмайдиган раҳбар сифатида тан берди.

Феномен одам

Яқинда Деновга Ўзбекистон халқ шоири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раиси Сирожиддин Саййид ташриф буюрди. Бу истеъдодли шоир билан у киши ёш бўлса-да гапимиз қўшилади, дилимиз дилимизга тўғри келади. Шу боисдан ҳам бошланган суҳбатларимиз узоқ узоқларга чўзилади. Бу пайтларда ҳар қандай ошпаз икки уч карра ош пишириб олса бўлади. Шоир билан суҳбатимиз айланиб-уйрилиб яна Эркинжон Турдимовга тақалди. Буни қарангки, асли сурхондарёлик Сирожиддин Саййид Тошкентда яшаса-да, вилоят ҳокимининг таърифини мендан яхши биларкан. Шунда мен яхши одамларнинг таърифи ҳамма жойда гап-гаштак, мақтов бўлишига яна бир бор ишондим.

- Тоштемир ака, - деди шоир. - Эркинжон Турдимов феномен одам. Биласизми, феномен одам қандай одам бўлади? Рости, мен авваллари билмасдим. Тўғрисини айтганда, бу сўз қулоғимга кам чалинган. Бу сўзни илк бор атоқли ёзувчи Одил Ёқубовнинг Абдулла Орипов таваллудига 50 йил тўлиши муносабати билан ёзган мақоласида учратган эдим. Улуғ ёзувчи шунда улуғ шоирни феномен сифатида талқин этганди. Бу сўз, бу атама эса менга шоир ижодиёти каби сирли ва ғаройиб кўринганди.

Феноменлик тушунчасини тўлароқ билиш ниятида “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”ни варақлаганимни ҳозир сиздан яширмайман. У “Ғайриоддий, камдан-кам бўладиган ҳодиса, факт, ҳис-туйғу тажрибаси билан пайқаладиган ҳодисани англатувчи фалсафий тушунча” деб таъриф берилган.

-Балли,  офарин. Чин баҳони энди топдингиз, - дея атоқли шоирнинг қўлига қўлни ташладим. - Айни кунларда Самарқанд вилоятида ҳокимлик қилаётган Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов ана шундай феномен одам.

Ҳа, меҳнат икки кўздан иссиқ бўлади. Сурхондарёда сизнинг иссиқ меҳрингиз қолди.

Тоштемир Турдиев,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.