Элчи Самарқанд шаҳар ДХМ хизматидан фойдаланди
Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида хорижий инвестор иштирокидаги яна бир корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.
“STANNUM TAURUS” МЧЖ рангли металл рудаларни қазиб олади ва ишлаб чиқаради. Корхона Пахтачи туманида ташкил этилган бўлиб, айнан қалай қазиб олиш билан шуғулланади.
- Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида яратилган қулайликлардан мамнун бўлдим, - дейди Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дилёр Ҳакимов. - Айниқса, Ўзбекистонга инвестиция киритиб, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган ишбилармонлар учун кенг имкониятлар йўлга қўйилибди. Бугун бу ерда биз ташкил этаётган корхонанинг атиги бир неча дақиқада давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳам бунга мисол. Айтишим керакки, Бельгия, Нидерландия ва Люксембург давлатларида ҳам бундай марказлар бор, лекин улар биздагиларга нисбатан анча кичик ва электрон тизимга ўтган.
Дилёр Ҳакимовнинг таъкидлашича, устав фонди 50 миллион евро бўлган корхона тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 2 минг нафар фуқаро иш билан таъминланиши мумкин. Бу вилоятдаги кўплаб ишсиз шахсларнинг доимий даромадга эга бўлади, деганидир.
Маълумот учун: 2021 йилда жами 30 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Хусусан, 12 076 та юридик шахслар ҳамда 18 261 та юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари шулар жумласидандир. Уларнинг 53 таси хорижий инвестиция иштирокидаги (қўшма ва хорижий) корхоналардир.
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.