Паст Дарғом тумани Давлат хизматлари маркази янги бинода иш бошлади
Паст Дарғом туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари, соҳа вакиллари, нуронийлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида Паст Дарғом тумани ҳокими Ш.Худойбердиев, Давлат хизматлари агентлиги директори Х.Тўрахўжаев ва бир гуруҳ фаоллар янги иншоотда яратилган шароитлар билан танишди.
Туман марказида “Mash’alTransServis” МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан 5 миллиард сўм маблағ сарфланиб бунёд этилган икки қаватли янги бинода Давлат хизматлари маркази ходимлари ва аҳоли учун барча шароит яратилган. Ўзига хос меъморий ечимга эга бўлган кўркам марказда замонавий дизайн асосидаги кутиш зали, хизмат кўрсатиш хоналари, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти мижозлар хизматида. Бу ерда хорижий инвесторлар учун ҳам қулайликлар яратилган бўлиб, музокаралар ўтказиш зали барпо этилган. Туманнинг инвестициявий салоҳиятини намойиш этувчи ахборот экранлари билан жиҳозланган.
Марказ бир вақтнинг ўзида 29 та қабул ойнасида мурожаатчиларга хизмат кўрсата олади. Замон андазаларига мос равишда жиҳозланган бинода 21 та мониторда 130 дан ортиқ давлат хизмати турлари юзасидан маълумотлар фуқароларга тақдим этиб борилади.
Паст Дарғом туман ҳокимлиги ахборот хизмати.