Давлат хизматлари маркази: икки йиллик сабоқ
Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак. Ушбу улуғвор ғояни амалга ошириш мақсадида мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилганига икки йил тўлди.
Хўш, ўтган икки йил давомида Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан қандай ишлар амалга оширилди?
Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Мақсуд ҚУРБОНОВ билан шу ва бошқа масалалар бўйича суҳбатлашдик.
- Мақсуд ака, суҳбатимиз аввалида икки йиллик фаолият якунлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
- Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги қарори билан фаолияти йўлга қўйилган давлат хизматлари марказларида дастлабки вақтда 33 турдаги давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, бир йил ичида хизмат турлари 100 тага етди. Бугунги кунга келиб, жойларда 120 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатилмоқда.
Туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари томонидан 2018 йилда аҳолига 478 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2019 йилда ушбу кўрсаткич 1 миллион 126 минг 688 тани ташкил этди. Жумладан, 28 440 та (9184 мингдан ортиқ юридик, 19151 та якка тартибдаги ва 105 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона) тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
Туман, шаҳар давлат хизматлари марказларида аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг энг кўпи Самарқанд шаҳар (190 000 та), Паст Дарғом (102 000 та) ва Ургут (100 000 та) туманларига тўғри келмоқда.
Шу ўринда бир маълумотни алоҳида қайд этиш лозим. Ўтган 2019 йилда тизимда муҳим янгилик ва ютуқлар кўп бўлди. Жумладан, Жаҳон банкининг “Doing business” йиллик ҳисоботида Адлия вазирлиги ва Давлат хизматлари агентлиги масъул бўлган “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича дунёнинг 190 давлати ичида 8-ўринни эгаллаб, Ўзбекистон биринчи бор “Топ-10” ликка кирди.
– Кўрсатаётган хизматларни аҳолига таништиришда қандай ишлар амалга оширилмоқда. Умуман, бу борадаги тарғибот ишлари қай тарзда йўлга қўйилган?
– Бу борада бошқарманинг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбаси томонидан сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, республика ва маҳаллий газета, радио ва телевидение, шунингдек, электрон оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда ҳам соҳага доир муҳим янгиликлар, тезкор хабар ва маълумотлар эълон қилиб борилмоқда. Агентликнинг davxizmat.uz веб-сайти, «Facebook»да «Davlat xizmatlari agentligi» ҳамда бошқарманинг Samarqand Davxizmat саҳифасида мунтазам равишда маълумот жойлаштирилмоқда. Шунингдек, агентликнинг «Telegram» мобиль иловасида «Davlat xizmatlari» канали, info@davxizmat.uz электрон почта манзили ҳамда davxizmat@exat.uz идоралараро тезкор электрон ҳужжат алмашинув тизими ҳам йўлга қўйилган.
Олис ҳудудларда эса сайёр давлат хизматларини кўрсатиш чоғида тушунтириш ишлари ташкиллаштириляпти, керак бўлса, уйма-уй юриб, марказлар орқали хизматлардан фойдаланишнинг афзалликлари, қулайликлари тушунтирилмоқда.
Жумладан, 2019 йилда бошқарманинг барча техник воситалар билан жиҳозланган махсус автобус ҳамда туман, шаҳар давлат хизматлари марказларининг “Дамас” русумли автомашиналарида олис маҳаллаларда 36607 нафар фуқарога сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди.
Вилоятнинг олис ҳудуди – Қўшработ туманининг Зармитан, Заркент ва Бойтўп маҳаллалари туман марказидан 25 километр узоқликда жойлашган. Бу ҳудудда ўн мингга яқин фуқаро истиқомат қилади. Бошқармамиз масъул ходимлари ҳамда Қўшработ тумани давлат хизматлари маркази мутахассислари томонидан айнан ушбу манзилда 200 га яқин фуқарога давлат хизматлари кўрсатилди.
– Вилоят миқёсида фаолият кўрсатаётган туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари ходимларининг фуқаролар билан ишлаш кўникмаси, билим ва маҳорати айниқса, муомала маданиятини ошириш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Бу борада бошқарма томонидан махсус маҳорат дарслари режа-жадвали тасдиқланган. Шунингдек, хизматлар кўрсатишда турли нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун «Сирли мижоз» тадбирларини ўтказиш йўлга қўйилган. Бу тадбирларда ходимларнинг муомаласи, малакаси ҳамда одоб-ахлоқига оид бошқа жиҳатлари ўрганилиб, таҳлил қилиб борилмоқда. Марказ ходимларининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида ҳар ойда ҳудудий ўқув-семинарлари ташкил этиб келинмоқда.
Шунингдек, Адлия вазирининг график режасига асосан туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари ходимлари мунтазам равишда босқичма-босқич вазирлик ҳузуридаги юристлар малакасини ошириш марказига юборилмоқда.
– 2019 йилда Нуробод, Пахтачи, Қўшработ ва Самарқанд туманларида жуда кўплаб мижозларга бир пайтнинг ўзида тез ва сифатли хизмат кўрсата оладиган, замонавий, ҳар томонлама қулай давлат хизматлари марказлари бинолари фойдаланишга топширилди. Бошқа туман (шаҳар) ларда янги бинолар қачон фойдаланишга топширилади?
– Дарҳақиқат, ўтган йил тўртта туманда янги марказ биноси қуриб фойдаланишга топширилди. Бу йил қолган марказ биноларини ҳам босқичма-босқич фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, айрим давлат хизматлари марказлари биноларининг бугунги ҳолати аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда талабга жавоб бермайди. Бу биноларда аҳоли учун қулай кутиш жойлари, қариялар ва ногиронлар учун махсус ўриндиқлар, она ва бола хоналари каби қўшимча қулайликлар йўқ. Лекин юқорида қайд этиб ўтилганидек, тез орада қолган давлат хизматлари марказлари ҳам кенг ва замонавий ҳамда барча шароитлар мавжуд биноларга эга бўлишади.
Туман ва шаҳарларда давлат хизматлари марказлари бинолари маҳаллий бюджет маблағлари ва давлат-хусусий шериклик шартлари асосида тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилмоқда. Бу биноларда юқори энергия самарадорлиги, энг асосийси, ташриф буюрувчиларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш учун энг қулай шарт-шароит яратилади.
– Қайси туманларда аҳолига тезкор ва сифатли давлат хизматларини кўрсатишга тўсқинлик қилаётган хато-камчиликлар бор?
– Бугунги кунда хизматларни йўлга қўйиш ва барқарор ишлатишда дуч келинаётган асосий муаммолардан бири – давлат органлари томонидан хизматлар кўрсатиш муддатларининг бузилишидир. 2019 йилда бошқарма масъул ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишларда давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органлар ва бошқа ташкилотлар томонидан 23 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланди. Айниқса, ортиқча ҳужжат талаб қилиш, мурожаатни кўриб чиқиш муддатларини бузиш (чўзиш) каби ҳолатлар кўп учраяпти.
Шунингдек, давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинувини таъминлашга доир айрим муаммолар ҳамон сақланиб турибди. Масалан, кадастр, солиқ идоралари билан бугунги кунгача электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилмаган.
– Бунга сабаб нима?
– Бунинг асосий сабаби вазирлик ва идораларнинг электрон ҳужжат алмашинув тизимига ўз вақтида уланмаганлиги, давлат хизматини кўрсатиш учун масъул бўлган ходимларнинг қўнимсизлиги, давлат хизматини кўрсатишга иккинчи даражали вазифа сифатида қараётганлиги билан боғлиқ.
Шу пайтгача бошқарма томонидан аниқланган аксарият қонун бузилиши ҳолатлари болаларни давлат мактабгача таълим ташкилотига жойлаштиришда, муҳандислик-коммуникацияларига уланишда, объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат беришда, тураржойларни нотураржой тоифасига ўтказишга рухсатнома беришда, қурилиши тугалланган (реконструкция қилинган) объектни фойдаланишга қабул қилишда кузатилган.
Қонун бузилиши ҳолатларини идоралар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, асосан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, архитектура ва қурилиш органлари, газ, электр тармоқлари корхоналари, мактабгача таълим ва кадастр идораларига тўғри келмоқда.
Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ваколатли органларнинг 238 нафар раҳбарлари ва масъул ходимлари бошқарма томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2155-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди. Киритилган 40 та тақдимнома натижасида 43 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилиб, ваколатли органларга 225 та расмий огоҳномалар киритилди.
Албатта, айбдорлар жазосини олди ва оляпти. Бироқ бир жиҳат бизни кўпроқ хавотирга солмоқда. Давлат хизматлари кўрсатишда йўл қўйилаётган биттагина хато, қонун бузилиши ҳам халқимизнинг ушбу тизимга ишончи йўқолишига сабаб бўлишини айрим ваколатли органлар ҳалигача тушуниб етмаяпти.
Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.