Электр ҳисоблагич аҳоли истеъмолчилари учун бепул
Энди электр ҳисоблагич сотиб олиш, ўрнатиш ва қиёсловдан ўтказиш ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳисобидан амалга оширилади.
Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги 838-сон қарорида ана шулар назарда тутилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарори билан тасдиқланган "Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари"нинг 52-бандига мувофиқ барча маиший (аҳоли) истеъмолчиларнинг электр энергияси ҳисоблагичларини сотиб олиш, ўрнатиш, рўйхатга олиш, даврий давлат қиёсловидан ўтказиш ва пломбалаш (шу жумладан, индукцион) ҳудудий электр тармоқлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Илгари ушбу норма фақат электр ҳисоблагичларни назорат қилиш автоматик турига уланадиган, замонавий ҳисоблагичларга тааллуқли эди.
Шу муносабат билан истеъмолчилар тегишли хабарномани олганларидан сўнг келгуси қиёслов хизмати учун тўловни амалга оширмаган бўлсалар, уларни электр энергияси учун тўловни белгиланган қувват бўйича тўлашга ўтказиш тўғрисидаги қоиданинг 125-банди ўз кучини йўқотди.
Энди ўғирланган ёки зарар етказилган ҳисоблагични ким тиклайди, деган савол туғилиши табиий.
Ҳисоблагич ўғирланган ёки унга зарар етказилган ҳолларда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган "Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари"нинг 98-банди қўлланилади. Яъни, электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари зинапоя майдончаларида ўрнатилган тақдирда уларнинг сақланиши ва бутлиги учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ҳамда тасарруфида уй-жой бўлган идора, ташкилот жавоб беради. Зинапоя майдончаларида ўрнатилган электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларига зарар етказилганда ёки ўғирланган тақдирда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва идора, ташкилот уларни ўз ҳисобидан тиклаши шарт.
Хонадон ичида ўрнатилган ҳисоблагични тиклаш истеъмолчининг мажбурияти эканлиги борасида, яъни кўп квартирали уйлардаги хонадонлар ва хусусий хонадонлар ичида ўрнатилган электр ҳисобга олиш асбобларининг сақланиши ва бутлиги учун истеъмолчи жавоб беради.
Дилшод НУРУЛЛАЕВ, "Ўздавэнергоназорат"
инспекцияси Самарқанд ҳудудий бўлими инспектори.