“Электрон поликлиника" дастури: Фуқаролар ўзлари учун қулай вақтда уйидан чиқмасдан шифокор қабулига ёзилиши мумкин
Оҳангаронлик Ойбек Тўйчиев узоқ изланишлардан сўнг ушбу дастурни ишлаб чиқди. Бу электрон тизим мамлакатимизда яратилган мазкур йўналишдаги илк маҳаллий ишланмадир.
Шифокор қабулига ёзилиш учун вақт ажратиш, ўқиш ёки ишдан қолиб, клиникага бориш, мутахассисни танлаш ва шифокор қабулига кириш учун навбатга купон олиш талаб этилади. Бунинг учун кўпинча турнақатор навбат кутишга тўғри келади, бу эса кўп вақтни олади. Ана шундай оворагарчиликлар сабаб кўпчилик шифохоналарга боришни хоҳламайди.
Бу каби муаммоларга ечим топиш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, соҳани рақамлаштириш мақсадида мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида “Электрон поликлиника” тизими жорий этилмоқда.
Хўш, бу дастур қандай ишлайди ва у қандай афзалликларга эга?
Ишлаб чиқилган ягона электрон рўйхатга олиш ва шифокор қабулига ёзилишнинг ахборот тизими — “Электрон поликлиника” шифокор қабулига кириш учун узоқ вақт навбат кутиб туришдан халос этиши билан аҳамиятли. Унинг ёрдамида фуқаролар ўзлари учун қулай вақтда уйидан чиқмасдан шифокор қабулига ёзилиши, шифокор ва муассаса ҳақида маълумот олиши мумкин. Бу поликлиникаларга онлайн тарзда маълумотларни қайд этиш, оилавий поликлиникаларда ягона электрон амбулатор тиббий картани юритиш имконини беради.
— Мазкур дастур онлайн режимда ишлайди, — дейди лойиҳа муаллифи О.Тўйчиев. — Унда тиббиёт муассасаларининг жойлашуви, шифокорларнинг исм-фамилияси, мутахассислиги, ишлаш вақти ва бошқа кўрсаткичлар акс этади. Телефонга ўрнатилган электрон дастур орқали бемор шифохонани, ўзини безовта қилаётган касалликдан келиб чиқиб, тегишли шифокорлардан бирини танлаши ва ўзига қулай вақтни белгилаб, унинг қабулига ёзилиши мумкин. Натижада беморлар шифохонага келиб, навбат кутиб қолмайди. Белгиланган пайтда шифокор кўригидан ўтади.
Ушбу тизим ўта қулай. Бунда тиббиёт муассасасида рўйхатдан ўтиш бўлимида POS принтер, ҳар бир шифокор хонасида компьютер, электрон навбатларни кузатиб бориш учун электрон табло, тиббиёт ҳисоботлари ҳамда маълумотномаларини чиқариш учун принтер ускунаси бўлиши керак. Компьютерларнинг ҳар бири маҳаллий ҳисоблаш тармоғига улангани онлайн режимда навбатга ёзилаётганларнинг маълумотларини кузатиб бориш имконини беради.
Тиббиёт муассасасида ягона электрон тизим бўлгани учун шифокорнинг компьютерида бемор ҳақида маълумотлар ва унинг электрон навбати чиқиб туради. Кўрик тугагандан сўнг бемор қабулхонага келиб, тайинланган дори-дармонлар рўйхатини, уларни қабул қилиш йўриқномасини электрон тарзда олади. Сабаби, баъзан шифокорлар ҳуснихатини бемор ҳам, ҳатто дорихоначилар ҳам тушунишга қийналади. Электрон йўриқнома эса ана шундай муаммога ечим бўлади. Унда дорилар номи аниқ-тиниқ акс этади. Яна бир қулайлиги, кўрикдан сўнг беморнинг электрон амбулатор тиббий картаси шакллантирилади. Бу, ўз навбатида, шахсий амбулатор карталар йўқолиб қолишининг олдини олади, беморнинг ҳар сафар уни ўзи билан олиб келишига эҳтиёж қолмайди.
Шу қулайликлари боис бугунги кунда шаҳар ва туманлардаги тиббиёт муассасаларида “Электрон поликлиника” ахборот тизими босқичма-босқич жорий қилинмоқда.