Элмира Боситхонова аёлларнинг сиёсатдаги ўрни ҳақида кескин фикр билдирган депутат билан учрашди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова депутат Кабул Дусов билан учрашди. Дусов ижтимоий тармоқларда аёлларнинг сиёсатдаги ўрни тўғрисида билдирган кескин фикрлари билан кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Хотин-қизлар қўмитасининг расмий сайтининг маълум қилишича, суҳбат шарқона дипломатия ва ўзаро ҳурмат-эҳтиром руҳида кечган. Кабул Дусов ижтимоий тармоқда ёзган постлари фақат маълумот тарзида жойлаштирилганини, аёлларга салбий қараш шакллантириш фикридан йироқ эканини айтган.

Элмира Боситхонова эса Кабул Дусовга шундай деган:

“Ўғлим Қобилбек, Мен Сизга уруш эълон қилмадим, иддао ҳам қилмадим. Чунки, дунёда баҳслар, тортишувлар, ижтимоий тармоқлардан туриб ҳақорат қилишлар шунчалар кўпайиб кетганки, бу жараённи давом эттиришдан, бу занжирга бир халқача бўлиб қўшилишдан ҳеч қандай фойда йўқ.

Аждодларимиз ҳам шарқона дипломатия, муросаи мадора усулларини қўллаб кам бўлишмаган.

Қолаверса, Сиз ҳали ёшсиз ва ёшлик фикрлари мунтазам, қотиб қолган ақида ҳисобланмайди. Шунингдек, Сиз каби хорижда Ўзбекистонимизнинг шаъни учун курашиб, ўқиб-ўрганиб келган салоҳиятли бир йигит бу каби салбий фикрлар билан яшашига ишонмадим“.

“Миллий тикланиш” партияси депутати Кабул Дусов суҳбат сўнгида ташкилот билан яқин ҳамкор бўлишини, баҳслар жараёнида уни фақат онаси ва Хотин-қизлар қўмитаси тушуна олганини сўзлаган.