Элмира Боситхонова Самарқандда уйма-уй юрди

Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова бугун Самарқандда маҳалла тизимида олиб борилаётган ишлар, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун кўрсатилаётган ёрдам, оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.

Хусусан, Пайариқ тумани Томойрот маҳалласидаги оилалардан бирининг яшаш шароити ўрганилди.

- Ушбу оилани бу вазиятдан чиқариш учун қандай йўл тутиш керак, маҳалла қай тариқа амалий ишларни кўрсатиши мумкин? Биринчи навбатда, ҳар бир оилага индивидуал ёндашув талаб этилади, - деди Э.Боситхонова маҳалла ходимлари билан суҳбатда. - Дейлик, ушбу оиланинг тўрт сотих томорқаси бор экан. Лекин ҳеч нима экилмаган. Нега? Томорқани юритмаслик учун қандай муаммолари бор? Шу ҳақда тўлиқ маълумот олиш ва уларга тизимли ёрдам кўрсатиш керак. Хонадон эгаси шароит бўлганда, албатта экин-тикин қиламан, деяпти. Бу оилага иссиқхона ташкил қилиш учун субсидия бериш мумкин ва шу бўйича ишни ташкил қилишни бошлаш керак. Оила бошлиғининг рафиқасига эса масофадан тикувчилик ҳунарини ўргатиш бўйича марказга мурожаат қилишига ёрдам берамиз.

Ушбу маҳалладаги яна бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича унга ҳам субсидия ажратиш ҳамда қорамол олиб, рўзғорини юритиб туриш учун вазифалар берилди. Ҳар бир кам таъминланган оиланинг иқтисодий қийинчиликдан чиқиб кетиши учун масъуллар бириктирилди ва уларга аниқ вазифалар белгиланди.

Шунингдек, Э.Боситхонова Самарқанд вилоятининг яна бир қатор туманларида бўлиб, маҳалланинг бугунги кундаги роли, одамлар ҳаётини яхшилашдаги ўрни бўйича кўрсатма ва топшириқлар берди.

Ўз мухбиримиз.