Энди низони судсиз, беғараз ҳал этиш ҳам мумкин

Шу йил 20 октябрда Президентимиз томонидан “Низоларни муқобил ҳал этишда медиaция институтини такомиллаштиришга қаратилган қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.
Бу ҳужжат орқали амалдаги “Медиация тўғрисида”ги Қонунга бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қонундаги асосий янгиликлар фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ва ташкилотлар ўртасидаги низоларни судгача бўлган босқичда тинч йўл билан ҳал этиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Хўш, медиация нима учун керак?
Медиация — бу тарафлар ўртасидаги низони судга чиқмасдан, беғараз воситачи — медиатор ёрдамида ҳал этиш жараёни. Ушбу жараённинг асосий афзаллиги вақт, маблағ ва ресурсларни тежаш, тарафлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолишдан иборат.
Қонунга киритилган янги тартиблар медиaция институтини амалий жиҳатдан янада самарали ишлатишга хизмат қилади.
Қонунга киритилган асосий ўзгаришларга кўра, медиаторлар реестри янгича шаклда юритилиб, эндиликда ҳар бир медиатор ҳақидаги маълумот ягона электрон тизимда сақланади. Бу фуқароларга ишончли, малакаси тасдиқланган медиаторни танлаш имконини беради.
Медиаторларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими такомиллаштирилиб, медиатор фаолиятини бошлаш учун махсус ўқув курсларини тугатиш ва сертификат олиш шарт этиб белгиланди.
Суд ишлари бўйича медиaцияни таклиф қилиш мажбурий тартибга киритилиб, суд ишни кўриб чиқишдан олдин тарафларга медиaция имкониятини тушунтириши шарт бўлади. Бу билан суд иши бошланмасиданоқ тарафлар келишувга эришиши мумкин.
Медиация жараёнида тузилган келишув ҳуқуқий кучга эга. Медиатор иштирокида имзоланган келишув энди суд қарорига ўхшаш кучга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланиб, бу тарафлар ўртасидаги келишувни янада ишончли ва амалий жиҳатини оширишга хизмат қилади.
Медиатор фаолиятининг ҳуқуқий жавобгарлиги аниқ белгиланиб, у ўз ваколатидан четга чиқса ёки бетарафлик тамойилини бузса, унинг фаолиятини тўхтатиш ёки лицензиясини бекор қилиш чоралари белгиланади.
Медиация жараёнидаги маълумотлар сир сақланиши шарт. Медиатор ва тарафлар музокаралар давомида маълум бўлган маълумотларни ошкор этмаслик мажбуриятини олади.
Медиация институтининг такомиллашув судлар иш юкламасини камайтириш, инсонлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Муҳими, энди фуқаролар, тадбиркорлар ва ташкилотлар ўртасидаги низоларни судсиз, адолатли ва тинч йўл билан ҳал этиш имкони янада кенгайди.
Қисқача айтганда, янги Қонун фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш, жамиятда тинчлик ва ҳуқуқий маданиятни оширишга хизмат қилади.
Бобур Тожибоев,
Самарқанд шаҳар иқтисодий суди судьяси.