Энди Парижда ҳам Самарқанд кўчаси бор

Франция Ўзбекистоннинг Европадаги нафақат сиёсий, маданий, ижтимоий соҳаларда, балки савдо-иқтисодий соҳасида ҳам муҳим ҳамкорларидан бири.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи икки давлат ўртасида узоқ тарихга эга ҳамкорлик алоқаларини яна бир поғона янги босқичга чиқарди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини яхшилаш мақсадида Франция билан ҳукуматлараро тузилган комиссия икки давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда тизимли равишда йиғилишлар ўтказиб келмоқда. Хусусан, 2021 йил давомида ушбу комиссия томонидан 8 маротаба, 2023 йилга келиб 9 маротаба ҳамда 2024 йилга келиб 10 маротаба ўзаро манфаатли масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишлар ташкил этилган. Натижада Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон – Франция” иқтисодий палатаси фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда 50 дан ортиқ француз ва ўзбек компаниялари ва тадбиркорларини бирлаштириб ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.
Биз, самарқандликлар учун фахр ва ғурур бағишлаган ушбу ташрифнинг энг эътиборли жиҳати, Франция пойтахти Париж шаҳри кўчаларидан бирига Самарқанд номи берилгани бўлса, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг ўзбек тилидаги хитоби икки тарихий давлат ўртасидаги дипломатик алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш учун замин тайёрлади.
Шу билан бирга, “Самарқанд Француз Алянси”ни ташкил этиш орқали дўстона алоқалар янада мустаҳкамланишига эришилса, ҳудудлараро алоқаларни рағбатлантириш мақсадида 2026 йилда Самарқанд шаҳрида икки мамлакат ҳудудларининг биринчи форумини ўтказиш кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайиши учун йўл очади.
Бундан ташқари, ташриф давомида конларни ўзлаштириш ва уларни чуқур қайта ишлаш, қурилиш материаллари, кимё ва фармацевтика тармоқлари, электротехника саноати, қишлоқ хўжалигида замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва бошқалар Ўзбекистон-Франция ишбилармонлик ҳамкорлигини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари сифатида кўриб ўтилди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу ташриф икки мамлакат ўртасидаги узоқ ва яқин истиқболда барча соҳаларда алоқаларни янада ривожлантиришга, ватанимиз тараққиётига хизмат қилади.
Муҳиба Сайфиддинова,
халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.