Энди туризм халқаро университети талабалари уч йил таълим олади

Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш институти директорининг биринчи ўринбосари Азамат Акбаров журналист ва блогерлар билан ўтказилган учрашувда маълумот берди. 

Таъкидланганишича, “Ипак йўли” туризм халқаро университети жамоаси янги 2021 йилни улкан марраларни кўзлаган ҳолда янги режалар билан қарши олмоқда. Мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари орасида илк бор мазкур университетда халқаро ҳамкорлик жараёнини тезлаштириш ҳамда талабаларга эътиборни янада кучайтириш мақсадида 2021 йил январь ойидан бошлаб “part-time on-campus job” хизмати, яъни кампусда талабаларга хизмат кўрсатадиган объектларда ишлаш имконияти яратилади. Бу дуал таълим тизимида фаолият олиб борадиган ушбу олий ўқув юрти талабалари олган билим ва кўникмаларини амалиётда янада бойитишга хизмат қилади.

- 2021-2022 ўқув йилидан бу олий таълим муассасалари талабалари бакалавриат йўналишида 3 йил таълим олади, - дейди Азамат Акбаров. - Улар қўшма дастур асосида 1+1+1 таълим тизимига мувофиқ бир йил давомида шу ерда таълим олиб, иккинчи ўқув йилида хорижда ўқиш ва ишлаш имконига эга бўлади. Учинчи босқичда эса яна университетимизга қайтиб келиб, таълим олади ва хорижда орттирган тажрибаси билан ўртоқлашади. Шунингдек, магистратура йўналишидаги таълим жараёни эса икки йилдан бир йилга қисқартирилади.

2021 йил январь ойидан бошлаб университетда овоз ёзиш студияси ишга туширилиб, “Silk Road”, яъни “Ипак йўли” радиоси ўз фаолиятини бошлайди. Келгусида бу ерда журналистика йўналиши ҳам ташкил этилиши режалаштирилган.

Тўлқин СИДДИҚОВ.