Миср элчиси талабаларга маъруза ўқиди
Миср Араб Республикасининг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фахми хоним Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети фаолияти билан танишди.
Университетда йўлга қўйилган элчилар, хорижий делегациялар, халқаро ташкилотлар вакиллари ва бошқалар томонидан тақдимотлар ўтказиш лойиҳаси асосида ташкил этилган ишчи ташриф доирасида Амира Фахми хоним Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири, “Ипак йўли” туризми халқаро университети ректори Азиз Абдуҳакимов билан учрашди.
Ректор Амира Фахми хонимни муассасада яратилган шароитлар билан таништириб, таълим жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбир давомида элчи хоним университет талабалари ва профессор ўқитувчиларига Миср туризм салоҳияти, таълим тизими ва бошқа соҳага оид маълумотлар ҳақида маъруза қилди.
– Қадимий Буюк ипак йўлининг асосий бўғини бўлган Самарқандда бўлиб турганимдан хурсандман, – дейди Амира Фахми. – Ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз қадимий асосларга эга эканлиги барчага маълум. Ал-Фарғонийнинг бизнинг диёримиздаги илмий-амалий ишларини таърифлашга тил ожиз. Шундай экан, бугун ҳам ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳар томонлама муҳим ҳисобланади. Меҳмонхона менежменти ва туризм соҳасида ўрганиш лозим бўлган жиҳатларимиз кўп. Биз университетда араб тилини ўқитиш борасида ҳамкорликни ривожлантириш ниятидамиз. Шу боис, араб тилидаги адабиётлар етказиш борасида таклифларимизни билдирдик. Шунингдек, ўқитувчи-профессорлар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича ҳам дастурларимиз бор. Ўйлайманки, мавжуд лойиҳаларимизни самарали амалга оширсак, ўзаро ҳамкорлигимиз янада ривожланади.
Университет талаблари билан бўлган мулоқот давомида талабалар Миср туризми, кадрлар тайёрлаш тизими ҳақидаги ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.