Энг кам пенсия «истеъмол саватчаси»га мос бўлади(ми?)
Бугунги кунда республикамизда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 миллион 678 минг нафарни ташкил этиб, аҳоли сонидаги улуши 10,9 фоизни ташкил қилмоқда.
Президентимиз жорий йил 24 январда Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож, пенсия ёшидаги қатламини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлишини таъкидлаган эди.
Пенсия тизимини такомиллаштириш мақсадида 2019 йилнинг ўзида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, соҳага оид 3 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ва Президентимизнинг 3 та фармони қабул қилинди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги фармонига мувофиқ, бугунги кунда «Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш Концепцияси» лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Албатта, тизимда олиб борилаётган ижобий ишлар билан бирга, айрим муаммолар ҳам мавжуд. Жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги) ишлаб, пенсияга чиққан шахсларнинг бошқа соҳа вакилларига нисбатан камроқ пенсия олаётгани фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Мазкур масала Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан ўз сайлов округларида, фуқаролар, мутасадди идоралар вакиллари билан бевосита мулоқот асосида ўрганиб чиқилди ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқишда қонунчилик билан боғлиқ айрим муаммолар мавжудлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддасида, “1965 йилдан кейинги давр учун жамоа хўжалигидаги иш стажини ҳисоблаб чиқаришда, агар жамоа хўжалиги аъзоси узрсиз сабабларга кўра жамоа хўжалигида белгиланган меҳнатда иштирок этиш минимумини бажармаган бўлса, ишланган вақтнинг амалда давом этган даври ҳисобга олинади”, деб белгиланган.
Ўрганишлар кўрсатдики, аксарият ҳолатларда, қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги ва ширкат ҳўжалигида) меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган фуқароларнинг ушбу хўжаликлардаги меҳнат фаолияти тўғрисидаги (ҳар йилги меҳнат минимум қарорлари) маълумоти архив сақловига топширилмаган ёки умуман белгиланмаган.
Бунинг натижасида, қишлоқ хўжалиги соҳасида (жамоа хўжалиги, давлат хўжалиги ва ширкат ҳўжалигида) меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган аксарият фуқароларга ишланган вақтнинг амалда давом этган давридан келиб чиқиб паст миқдорда пенсия тайинланган.
Мисол учун, жамоа хўжалигида 1980 йилда эркаклар учун 220 кун, аёллар учун 160 кун меҳнат минимуми ўрнатилган. Ҳақиқатан ҳам шу йили эркак ва аёллар белгиланган меҳнат минимумини бажаришган. Лекин, улар пенсияга чиқишда собиқ жамоа хўжалигининг меҳнат минимумини ўрнатиш тўғрисидаги қарорини тақдим қила олмаган (йўқолган ёки архивда мавжуд эмас).
Ушбу ҳолатда, амалдаги қонунчиликка асосан, эркак учун 220 кун бир йил меҳнат стажи сифатида эмас, балки, 7 ой 10 кун сифатида, аёл кишига 160 кун бир йил меҳнат стажи сифатида эмас, балки, 5 ой 10 кун сифатида ҳисобга олинган.
Бунинг натижасида, жамоа хўжалигида меҳнат қилган ушбу шахсларга бошқа соҳаларда фаолият олиб борган фуқароларга нисбаттан 2-3 баробар кам пенсия миқдори ҳисобланган.
Демак, мамлакатимиздаги собиқ жамоа хўжалиги ва ширкат ҳўжалигида меҳнат фаолиятини 2005 йилга қадар юритган фуқароларнинг меҳнат фаолиятлари даврини тўлиқ йил сифатида инобатга олиниши тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш лозим.
Бундан ташқари, қонунчилигимизда тўлиқсиз ёшга доир пенсия белгилашда ҳам айрим муаммолар мавжуд. Ҳозирда камида 7 йил иш стажига эга бўлган шахсларга тўлиқсиз ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори 236 минг сўмни ташкил этмоқда ва бу пенсия миқдори пенсионернинг сарф-харажатлари учун етарли эмас.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” кўрсаткичларини қонунчиликда белгилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Демак, келгусида пенсиянинг энг кам миқдорини “истеъмол саватчаси” ва “яшаш минимуми” кўрсаткичлари асосида қайта кўриб чиқиш лозим бўлади.
Шунингдек, аёлларга пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига боласи 3 ёшга тўлгунча уни парваришлаш таътилларида бўлиш вақтини тўлиқ қўшиб ҳисоблашини ҳам қонунчилигимизга киритишимиз керак.
Улуғбек ВАФОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.