Энг қиммат авторақам 441,5 миллион сўмга сотилди, энг паст баҳоси эса 450,5 минг сўмни ташкил қилди

2021 йилда биржа орқали қарийб 300 млрд. сўмлик авторақамлар сотилди

Йил якунларига кўра, республика товар-хом ашё биржасининг avtoraqam.uzex.uz веб-сайтида 298,8 млрд. сўмлик 139,4 мингдан зиёд авторақам шаффоф онлайн-аукционлар орқали сотилди. Авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 40 фоизга, ҳажми бўйича – 21 фоизга ўсди.

Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,1 миллион сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 91 фоизи жисмоний шахслар, 9 фоизи юридик шахслар томонидан харид қилинган. Ўтган даврда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 миллион сўмни ташкил қилган.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг 37 фоиз биринчи тоифадаги авторақамлар, 22  фоизи иккинчи, 13 фоизи учинчи, 9 фоизи тўртинчи, 9 фоизи бешинчи ва 10 фоизи олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп авторақам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти (48 фоиз) Самарқанд ва Фарғона (8 фоиздан), Наманган ва Андижон (6 фоиздан), ҳамда Бухоро (5 фоиз) вилоятларида харид қилинган.

Эслатиб ўтамиз: авторақамларни онлайн-аукционларда сотилишидан келиб тушган маблағларнинг 80 фоизи республика давлат бюджетига, 20 фоизи Ички ишлар вазирлигининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларини моддий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар Махсус жамғармасига йўналтирилади.