“Юрт қайғусида 365 кун” китоби тақдимоти бўлиб ўтди

Контент тайёрлаш марказида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йилдаги сиёсий фаолияти ва мамлакатда амалга оширилган ислоҳотларга бағишланган “Юрт қайғусида 365 кун” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда ижодкор зиёлилар, жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

“Янги Ўзбекистон” газетаси таҳририяти ижодий жамоаси томонидан тайёрланган мазкур китоб Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил давомидаги серқирра давлат ва сиёсий фаолиятини ўзида мужассам этган кенг қамровли тўплам ҳисобланади.

Нашрда давлат бошқаруви, халқаро дипломатия, иқтисодий ислоҳотлар, экологик барқарорлик, ижтимоий ҳимоя, илм-фан, таълим ва маданият соҳаларида амалга оширилган ишлар фотолавҳалар, ҳужжатли манбалар ва таҳлилий шарҳлар асосида ёритилган.

Тақдимотда сўзга чиққанлар китобда Янги Ўзбекистон тараққиёти, давлат раҳбарининг халқ билан мулоқоти, ҳудудларда олиб борилаётган ўзгаришлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган ташаббуслар изчил акс эттирилганига алоҳида тўхталиб зтди.

Тақдимотда таъкидланганидек, 2025 йил мамлакат тараққиётида муҳим босқич бўлди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажми тарихда илк бор 145 миллиард доллардан ошгани, олтин-валюта захиралари эса 60 миллиард доллардан юқори кўрсаткичга етгани қайд этилди.

Китобда нафақат рақам ва статистик маълумотлар, балки улар ортидаги тизимли ислоҳотлар, жойлардаги муаммолар ечими ва давлат бошқарувидаги янги ёндашувлар ҳам таҳлилий асосда ёритилган.

Тадбир иштирокчилари “Юрт қайғусида 365 кун” китоби сиёсатшунослар, тарихчилар, тадқиқотчилар, журналистлар, талаба-ёшлар ва Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар жараёнини чуқур ўрганишга қизиқувчи кенг китобхонлар оммаси учун муҳим манба вазифасини ўташини таъкидлади.