Энг яхши сарҳисобни ўз нафси билан ҳисоблашишида, жоҳилни дунёга интилишда кўрдим

Шайх Нажмиддин Кубро (1145-1221), Шарқ мутасаввуф донишманди, мутафаккири
(«Фақирлик ҳақида рисола»дан)

Дунёнинг бир қисмини кезиб чиқдим, кўп ишларни тажриба қилдим, қийинчиликларга йўлиқдим, кишилар билан суҳбат қурдим, улуғ ишларга қадам босдим, тирикчиликнинг аччиқ-чучугини тотдим, китобларга мурожаат қилдим, олимлар хизматида бўлдим, умримни дунё излаш билан зое ўтказмадим, ажойиботларни кўрдим.

Кўрдимки, умр ва дунёдан кўра тез, шошилиб йўқ бўлиб кетадиганроқ, ўлим ва охиратдан кўра яқинроқ, орзудан кўра узоқроқ, хотиржамликдан кўра гўзалроқ нарса йўқ экан, дунёю охират яхшилигини қаноатда, дунёю охират ёмонлигини эса таъмада кўрдим.

Кўрдимки, вақтини «эсиз», «қанийди», «кошкийди»лар билан ўтказган кишининг умри энг қисқа умр экан.
Энг гўзал безак тавозе, энг хунук нарса эса бу бахиллик экан. Хусни хулқ (чиройли хулқ)дан кўра яхшилик устига яхшиликни қўшадиганроқ, ҳасаддан кўра ёмонлик устига ёмонликни қўшадиганроқ нарсани кўрмадим.

Илтимосга қолган кунда ғайри табиий (мажбурий) ўлимни, ўз ҳолатини яшириш ва таъмасизликда эса барҳаётликни кўрдим. Муваффақиятни саъйи ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса лоқайдлик ва дангасаликда, балони тилда, ҳаловатни эса сукутда кўрдим.
Очкўзни маҳрум, дунёпарастни ғамгин кўрдим. Аёлманд кишини кўмилган кўрдим, молдор одамни бечора кўрдим.

Кўрдимки, энг ноёб неъмат ростгўйлик ва қаҳрамонлик, энг оғир оғриқ эса ёмон ва мунофиқ дўстлар экан.
Кўрдимки, Аллоҳ дунё қуллигидан озод қилган кишигина ҳақиқий ҳур экан.
Хору зорликни «маҳлуқ»лар хизматида, азизу мукаррамликни эса Холиқ хизматида бўлишда кўрдим.
Подшолар қалблариданда қаттиқроқ дийда, камбағал учун ямоқларни бир-бирига улашдан кўра чиройлироқ зийнат кўрмадим.

Энг яхши сарҳисобни (савол-жавобни) кишининг ўз нафси билан ҳисоблашишида, оқилни охиратга, жоҳилни дунёга интилишда кўрдим.
Қизиқувчини (кўнгил бергани билан) машғул, зоҳидни эса бекору фориғ, хоҳловчини излаётган, даъвогарни ёлғончи кўрдим.
Тўғрисўзлиликдан кўра гўзалроқ зийнатни кўрмадим. Аллоҳ санад (ҳужжат, далил)ларининг ҳаммасида Аллоҳнинг ўзини кўрдим.
Нафсни шармандалик ва дўзах сари (одамларни) ҳайдашда, ақлни эса яхшиликларга чорлашда кўрдим.

Кўрдимки, ўз-ўзини тарбиялай олган ва шаҳватлардан тийила олган киши энг кучли шахс экан.
Умр ва ризқнинг баракали бўлишини Аллоҳ таолога итоат қилишда кўрдим.
Дунёю охират яхшилигини Расул алайҳиссаломнинг суннатига эргашишда кўрдим.
Неъматнинг тўла, мукаммал бўлишини неъмат берувчидан миннатдор бўлишда кўрдим.
Кўрдимки, энг яхши дўст илм экан.

Очкўзлик ва гуноҳкорлик домига маҳкумларни, исрофгарларни кўрдим, аммо ўзимдан кўра ёмонроғини кўрмадим.

Жаннатга киришни ҳалол ейиш ва маҳол (амримаҳол – бажариб бўлмайдиган иш)ни тарк қилишда кўрдим. Дўзахга йўлни эса ҳавойи нафсда кўрдим.
Кўрдимки, шайтоннинг халойиққа султон бўлиб олиши дунёни яхши кўришликдан экан. Ўликлардан уларнинг ҳолатлари, (қолган) уйлари ва молу давлатларидан ибратланмаган кимсаларни нодонликда, Аллоҳ белгилаб қўйган ҳадлардан ошган кимсаларни эса бахтсизликда кўрдим.
Кўрдимки, инсонга келадиган барча офатлар тилдан экан.
Шариат ва диннинг пойдевори сабр ва ишонч экан.

Ибодатларнинг энг афзали фарзларни адо қилиш, одатларнинг энг маъқули ва чиройлиги эса гуноҳлардан, одамларга озор беришдан тийилиш экан.
Энг яхши беҳожатлик тамаъсизлик, умидвор бўлмаслик экан. Аллоҳ таолони ёдлашдан кейинги энг яхши эслашлик бу ўлимни эслаш экан. Ўлимдан оғирроқ кулфат ўтган ишга пушаймонликда экан.
Нафс маъсумлигининг пайғамбарларгагина, қалб ҳаётийлигининг эса авлиёларгагина хослигини кўрдим.

Тинчлик ва роҳатни излаб, уларни дунёни тарк қилишдан топдим. Аллоҳ азза ва жалла билан унс (яқинлик,чин дўстлик) бўлишни хоҳлаб, уни одамлардан узлатга чиқишдан топдим.
Шайтонга қарши чиқишни хоҳлаб, уни ўз нафсимга қарши бўлиш ва унга душманлик қилишдан топдим…
Билдимки, Аллоҳ ҳақида яхши ўйда бўлиш Аллоҳдан тилаган энг катта тилагим бўлди.

Кўрдимки, экмаган ўрмайди. Шафқат қилмаганга шафқат қилинмайди. Кимки кеча ва кундуз кемасига минса, у кема ё жаннат, ё дўзахга олиб боради. Алданишдан сақланинг! Сақланинг!
Барча халифаю подшоҳларни, шон-шавкатли, қудратли султонларни ўз дабдабалари билан машғул бўлиб, ўзларидан ва ўзларига содир булаётган нарсадан бехабарликда кўрдим. Уларни гуноҳкорлик домига маҳкум кўрдим, уларни гуноҳлардан, одамларга озор беришдан тийилишга чорладим. Шафқат қилмаганга шафқат қилинмаслигини айтдим.

Кўрдимки, Одам алайҳиссаломдан тортиб (Қиёмат куни фаришта Исрофил чаладиган карнай) сурга дам урилгунга қадар бўлган ҳамма халқ бир чумоли оёғининг синиғини ҳам тузатишдан ожиздирлар. Ҳамма фузало, фусаҳо, мунажжиму билимдонларни бир чивин қанотини яратишдан ҳам ожиз, боши айланган, ночор… ўз ожизлиги ва нуқсонини тан олган кўрдим.

Бас, яратиш, буюриш, билим ва қудрат соҳиби ҳар қандай нуқсондан покдир. Хўжайинликда шериксиз бўлган энг гўзал яратувчи Аллоҳ муборакдир. У абадий барҳаётдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У нарсаларни бор қилган, Еру осмонни безаган, Аршу Курсини яратган, инсу жинга ризқ берган, адолатли бўлишда ўқиб ўрганишга муҳтож бўлмаган, хоҳлаганга ҳукм юритувчи, хоҳлаганини қилувчи, чириган-тўзиган суякларга ҳеч бир асбоб-ускунасиз жон ато этувчи, тирикларни ўлдирувчи, ўликларни тирилтирувчи, вақт ва ажалларни белгиловчи, ҳису ҳаракотни эшитгувчи, чумолининг ўрмалашию энг махфий овозларданда, қўйин-ки, барча сиру махфиётданда хабардор зотдирки, Еру осмонлардаги биронта нарса унга номаълум эмас.

Муқимжон МАҲМУД таржимаси.