Ер сотган фермер иши судда кўрилмоқда
Жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани суди тумандаги собиқ “Nazarov Oqbuta” фермер хўжалиги бошлиғи Н.Ё.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “в” бандлари билан қўзғатилган жиноят ишини кўриб чиқмоқда.
Дастлабки тергов органи ҳужжатларига кўра, Н.Ё. 2014 йил давомида “Nazarov Oqbuta” фермер хўжалигини бошқариб, фермер хўжалиги ер майдонидан фуқароларга уй-жой қуриш учун ер ажратиб бериш ваколатига эга бўлмаса-да, фуқароларни алдаган ва уларнинг ишончига кириб, фирибгарлик қилган.
Жумладан, 2014 йил октябрь ойида О.Эшқобиловага уй-жой қуриш учун фермер хўжалиги ҳисобидан 0,12 гектар ер ажратиши ва келгусида мазкур ерни ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилиб, ундан 6,5 миллион сўм пул олган. Ўша йили ноябрь ойида эса З.Холмуродовдан 0,24 гектар ер учун 13 миллион сўм, Р.Хўжаев ва Р.Мийлиевлардан ҳам ҳар бирига 0,12 гектар ер ажратишни ваъда қилиб, 6,5 миллион сўмдан пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Н.Ё. бу ҳаракатларини 2015 йилда ҳам давом эттириб, уч нафар фуқародан 42,5 миллион сўм маблағни фирибгарлик йўли билан олган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши кўриб чиқилмоқда ва унинг якуни бўйича қўшимча маълумот тақдим этилади.
А.АКРАМОВ,
жиноят ишлари бўйича Пахтачи тумани суди раиси.