Ер талашган ака-ука низосига ким ечим топади?
Таҳририятимизга Пайариқ тумани Кўпаки маҳалласида яшовчи Ашурбой Аҳмедовдан шикоят хати келди. Унда жумладан шундай дейилади:
«1993 йил қишлоқ жойдаги аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш мақсадида колхозчи ва ишчи пудратчиларга ер ажратиб бериш тўғрисидаги Президент фармони асосида собиқ Навбаҳор жамоа хўжалигидан 0,15 гектар ер майдони берилди. Маҳалламизда аҳоли асосан узумчилик билан шуғулланади. Шу боис, мен ҳам янги участкада токзор барпо этдим, кейинчалик ер участкасида уй-жой қуриш учун пойдевор қуйиб, қисман девор кўтардим. 1998 йилда вақтинча фойдаланиб туриш учун боғни акам Рустам Назарқуловга бердим ва у ердан 10 йилдан ортиқ фойдалангач, ерни ўз мулки ҳисоблай бошлади. 2014 йилдан буён қонунан менга тегишли бўлган ер участкаси учун акам Рустам ва ўғли Ҳусниддин билан низолашиб келяпмиз. Аммо бу ҳолат судлар ва бошқа органлар томонидан қонуний ҳал этилмаяпти. Туман ҳокими суд иши тугамасдан туриб ерни иккига бўлиб бериш тўғрисида қарор чиқарди. Энди эса акам ва ўғли ўз ер участкамга ҳам киритмаяпти. Аммо ҳоким қарорининг ижросини туман кадастр бўлими ходимлари таъминлай олмайди, чунки ер участкаси давлат рўйхатидан менинг номимга ўтган. Сайёр судларда ҳам ер менга тегишли эканлиги ўз тасдиғини топди, аммо якуний ижро йўқ».
Ер қонунан кимга тегишли?
Ҳужжатга кўра, собиқ «Навбаҳор» хўжалигининг 1993 йил 15 декабрдаги 12 -сонли қарори билан А.Аҳмедов номига 0,15 гектар ер майдони ажратилган ва ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида 2007 йил 24 июлда гувоҳнома берилган. Нега унда ер участкасига бошқа киши эгалик қилмоқда ва ер майдонини бўлиб бериш тўғрисида ҳоким қарори чиқарилган?
- Ҳақиқатан ҳам собиқ «Навбаҳор» жамоа хўжалигининг қарори билан Аширбой Аҳмедовга 15 сотих ер майдони ажратилган, - дейди ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Пайариқ туман филиали мутахассиси Аслиддин Тойлоқов. - Рустам Назарқулов эса ўша ерни ўзиники деб ҳисоблаб даъво қилгани учун йиллар давомида бу иш бир неча маротаба судда кўрилди, аммо ҳалигача бир тўхтамга келингани йўқ. 2017 йилдаги судда ер участкасини иккига бўлиб бериш тўғрисида қарор чиқарилди. 2019 йилда эса А.Аҳмедовнинг аризасига асосан ҳоким қарори билан ер иккига бўлинган, лекин туман кадастри ёки архитектура бўлими ходимлари уларга ер майдонини ўлчаб берган эмас. Бу ерда кўп йил аввал Аширбой Аҳмедов пойдевор қуйиб, бино қуриш учун икки пахса девор барпо этган. Рустам Назарқулов эса деворни бузиб, майдоннинг бошқа тарафидан ўзбошимчалик билан кичик ўлчамда бино қурган. Юқоридаги қарорга таяниб ер участкасини иккига бўлишнинг имкони йўқ. Чунки майдонга бир томондан йўл бор, агар ерни узунлиги бўйича иккига бўлсак, бу ерда иморат қуриш мушкул. Лекин ер майдони қонунан Аширбой Аҳмедовга берилган. Уни тенг иккига бўлиш учун туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр идораси, архитектура, маҳалла вакиллари иштирокида ер ўлчаниши лозим. Ўшанда қонуний ечим бўлади. Қачонки низо бартараф этилиб, муросага келишса шунда иморат қуриш мумкин.
Омонатга хиёнатми ёки ёлғон келишув бўлганми?
Хўш, Рустам Назарқулов ҳақиқатан ҳам вақтинчалик фойдаланиб туриш учун берилган ер участкасини ўзлаштириб олганми? Бу саволга жавоб топиш учун икки маротаба Р.Назарқуловни уйига бордик, аммо у кишини учрата олмадик.
- Бу ер майдонидан ташқари яна 22 сотих ер участкаси бор эди, - дейди Р.Назарқуловнинг ўғли Ҳ.Назарқулов. – Биз ўша 22 сотих ер участкасини акамнинг 15 сотих участкасига алмаштирдик, акам бўлса 22 сотих ерни бошқа кишига сотиб юбориб, энди бу ерни ҳам эгаллаб аолмоқчи бўляпти. Ер майдони суд ва ҳокимнинг қарори билан бизга тегишли эканлиги тасдиқланган.
А.Аҳмедовнинг айтишича, бу ер участкаси унинг отаси томонидан янги очилган қўриқ жой бўлган ва Ҳ.Назарқулов айтган бу ер устида юқоридаги келишув бўлмаганлигини билдирди.
- Аширбой Аҳмедов 1993 йилда собиқ «Навбаҳор» жамоа хўжалигининг 167 кишига ер ажратиш тўғрисидаги қарори, 1994 йилда қишлоқ фуқаролар йиғинининг қарори билан ўзига берилган 15 сотих ер майдони учун 2014 йилда туман ҳокимлигига мурожаат қилди ва унинг бўш турган ер участкасига эгалик ҳуқуқи тикланди, - дейди ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг Пайариқ туман филиали юристи Тожибой Ботиров. – Мен ўша пайтда туман ҳокимлигида юрист бўлиб ишлардим. Ўшандан кейин ака-ука ўртасида судлашиш бошланди. Фуқаролик ишлари бўйича туман судининг қарори билан бу масалани кўриб чиқиш туман ҳокимлигига юклатилди. Туман ҳокимлиги низони бартараф этиш учун ер участкасини иккига бўлиб бериш тўғрисида қарор чиқарди. Шундан сўнг Рустам Назарқулов Аширбой Аҳмедовга 15 сотих ер участкаси берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан судга ариза берди. Қуйи инстанциялар ишни рад этгач, Олий судга мурожаат қилди ва уларнинг тавсияси асосида иш фуқаролик ишлари бўйича Иштихон туманлараро судига ўтказилди. Суд ишни кўриб чиқиб, туман ҳокимининг эгалик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топди. Шундан сўнг А.Аҳмедовнинг мурожаатига асосан Олий суд ҳақиқий эмас, деб топилган қарорни бекор қилмасдан, ариза рад қилиниб, бирламчи ҳужжатлар асосида берилган ер участкаси бўйича кадастр идорасига тавсия берилди. Суднинг тавсиясига асосан 2017 йилда А.Аҳмедов номига 15 сотих очиқ ер майдони давлат рўйхатига олиниб, гувоҳнома ёзиб берилди. Бу ҳужжат билан ер участкаси А.Аҳмедовга тегишли эканлиги давлат рўйхатига олинди. Р.Назарқулов ўша гувоҳномани ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида яна судларга мурожаат қилди. Кейин бу масала суд коллегияси хулосаси асосида кадастр идораси томонидан берилган 15 сотих ер участкаси учун берилган гувоҳнома қисман ҳақиқий эмас, деб топилди. Шундан сўнг 2019 йилгача яна судлашиш давом этди. Кейинроқ А.Аҳмедов 7,5 сотих ер майдонига рози бўлиб, туман ҳокимлигига келиб ўзи ариза билан мурожаат қилди ва эгалик ҳуқуқини тиклаш бўйича қарор чиқарилди, лекин ҳалигача бу қарорнинг ижроси таъминланмади. Р.Назарқулов ер иккига бўлиб берилмасдан майдоннинг бир четидан кичиккина иморат солиб, аввал қуйилган пойдевордан ҳам ўтиб девор айлантириб ўраб олгач, А.Аҳмедов энди менга ўзимга тегишли бўлган ўша 7,5 сотих ер майдони ҳам берилмасдан қоларкан, деган хаёлда мурожаат қилишга мажбур бўлган.
А.Аҳмедовда бўш ер давлат рўйхатига олинганлик гувоҳномаси бор. Лекин қурилиш қилиш учун Вазирлар Маҳкамасининг 370-сонли қарори талабига асосан давлат хизматлари марказига қурилишга рухсат бериш учун ариза билан мурожаат қилиш ва ҳокимнинг қурилишга рухсат бериш тўғрисидаги қарори чиққандан кейингина иккаласи ҳам иморат қуриши мумкин. Лекин Р.Назарқулов номига берилган бўш ер майдони ҳам давлат рўйхатига олинмаган. Яъни, 7,5 сотих майдон ажратиб берилгач, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Ҳозир Р.Назарқуловда ер ажратиб бериш тўғрисида ҳоким қароридан бошқа ҳужжат йўқ. Ер ажратиш далолатномаси бўлмай туриб, ер давлат рўйхатидан ўтказилмайди. Кадастр идораси ерни давлат рўйхатига олиши учун асослантирилган ҳужжат – еттита ташкилот вакиллари томонидан ер ўлчаб берилганлиги тўғрисидаги далолатнома ва ҳокимнинг қарори бўлиши лозим. Шундан сўнг кадастр мутахассислари томонидан ўша ер участкасининг чизмаси тайёрланади. Шунинг учун Р.Назарқуловнинг кадастр идорасига қилган мурожаатлари рад этилмоқда.
Ҳозир иккиласига 7,5 сотихдан ер ажратиш тўғрисида қарор бор, лекин энди улар 15 сотих ерни тўлиқлигича ўзига олиш истагида. Масаланинг яна бир томони Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги қарорига асосан 1990-1998 йилгача бўлган даврдаги колхоз-совхозларнинг ер ажратиш тўғрисидаги қарори ўз кучида қолади. Бу эса туман ҳокимларининг ер ажратиш тўғрисидаги қарори билан тенг даражада инобатга олинади. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, А.Аҳмедовда бирламчи ҳужжатлар қонуний кучга эга.
Комиссия қачон тузилади?
Хўш, қонунга кўра ер бир кишига тегишли бўлса, нега унда масала шунча йилдан буён бир томон фойдасига ҳал этилмаяпти?
- Ер участкасини иккига бўлиб бериш тўғрисида қарорга асосан комиссия ва ишчи гуруҳ тузилиши, улар томонидан ерни ўлчаб, қозиқлар қоқиб, ер майдон иккига ажратиб берилиши керак ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилиши лозим, - дейди туман қурилиш бўлими мутахассиси Самандар Ўташев. – Таркибида туман қурилиш бўлими, кадастр идораси, туман ҳокимлиги, маҳалла, профилактика инспектори бўлган комиссия иштирокида ерни топосъёмка қилдириб, ҳар иккиси йўл қаердан бўлиши, ҳовлига кириш жойи ўлчаниб, шаҳарсозлик қоидаларига мослиги аниқлангач, қозиқ қоқилади. Сўнгра бу ҳужжат кадастр идорасида рўйхатга олинади. Шундан кейин Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан давлат хизматлари маркази орқали қурилишга рухсатнома олиниши керак. Ҳозиргача бу иш амалга оширилмаган. Уларнинг қурилишлари ноқонуний ҳисобланади.
Шикоят аризаси таҳририятимизга келганига бир мунча вақт ўтди. Аввалига коронавирус пандемияси ва бошқа сабаблар, кейинчалик иш юзасидан қонуний ўрганишлар ўтказилаётгани, асосийси, бири 60, иккинчиси 70 ёшдан ошган ака-уканинг ер талашиш можароси тумандаги мутасадди идоралар томонидан ижобий ҳал этилишидан умидвор бўлганимиз учун чоп этишдан тийилгандик. Аммо орадан шунча вақт ўтса-да, муаммо ўз ҳолига ташлаб қўйилди.
Яна бир мулоҳаза. Ҳ.Назарқуловнинг айтишича, шу ер можаросини ўз фойдасига ҳал этиш учун ҳар иккала оила ҳам биттадан уйнинг пулига тенг маблағ сарфлашган. Бу нуроний отахонларимиз қишлоқдошлар, фарзанд-у набираларга шундай ибрат бўлишадими? Энди айтинг, бу ким учун ғолиблик тантанаси бўлади?
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,
“Зарафшон”нинг махсус мухбири.