Ереванда оммавий норозилик намойишлари ўтказилмоқда
Арманистон пойтахти Ереван марказида оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Намойиш иштирокчилари мамлакат бош вазири Никол Пашинян 9 ноябрь куни Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битмга имзо қўйганлиги сабабли унинг истеъфога чиқишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда 13 ноябрь куни РИА Новости мухбири хабар берди.
Арманистон пойтахтининг Озодлик майдонига йиғилган намойишчилар сони бир неча мингни ташкил этади. “Дашнакцутюн” мухолифат партияси вакили Армен Рустамяннинг журналистларга маълум қилишича, намойишларнинг бир нечта ташкилотчилари “гўё тергов-суриштирув ҳаракатларини ўтказиш учун” махсус тергов бўлимига таклиф қилинган. Унинг фикрига кўра, бу ишлар улар намойишларда иштирок этмасликлари учун амалга оширилган.
Полиция бир нафар эркакни ҳибсга олганлиги айтилмоқда.
9 ноябрь куни Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида қўшма битим имзолади. Россия Федерацияси президенти Владимир Путин берган баёнотга кўра, 10 ноябрь санасидан эътиборан Тоғли Қорабоғда ўт очиш тўхтатилиши тўғрисида келишувга эришилган.
Келишувга биноан, Озарбайжон ва Арманистон битим қабул қилинган кунга қадар эгаллаб турган позицияларида қолади, шу билан бирга асирлар алмашуви амалга оширилади. Бундан ташқари, Қорабоғга Россия тинчликпарвар ҳарбийлари жойлаштирилди. Пашинян ўзининг Facebook саҳифасида ушбу келишув унинг учун жуда оғир бўлганини маълум қилди.