Ерга оид муносабатлар тартибга солинади
Ерга оид муносабатлар барча даврларда ҳам муоммоли бўлиб келган ҳамда ўзининг сиёсий тусга эга бўлган жиҳатлари билан давлат сиёсатининг бирламчи масалаларидан ҳисобланган.
Ерларни муҳофаза қилиш масаласи жамиятнинг муҳим ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга молик вазифасидир. Чунки халқнинг моддий фаровонлиги, барчани боқувчиси ҳисобланган ерга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларнинг муҳофазасини назорат қилиш жуда муҳим.
Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ҳамда ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида Президентимизнинг 2021 йил 8 июнда “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармоннинг қабул қилинишидан асосий мақсад ерлардан ноқонуний фойдаланиш, ноқонуний қурилмалар қуришга, ер ажратишда коррупциявий ҳолатларга чек қўйишдир.
Фармонга кўра, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниши кўзда тутилган.
2021 йил 1 августдан ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади ҳамда айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади. Ушбу ҳолатлар кузатилганда қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилиши, ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкинлиги белгиланди.
Бундан ташқари, фармонда кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши назарда тутилди. Қисқа қилиб айтганда, ер ажратиш масалалари 2021 йил 1 августдан туман (шаҳар) ҳокимликлари ваколатларидан олиниб, яъни ерни тўғридан–тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, улар томонидан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ерлар тоифасига киритиш ва шу каби қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар очиқ аукцион орқали амалга ошириладиган тартиб ўрнатилади.
Фармоннинг қабул қилиниши ерга оид ислоҳотларнинг янада такомиллашишига ҳамда қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олишга, шу билан бирга, айрим норматив ҳужжатлардаги бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилади.
Навбаҳор ТУРСУНОВА,
Жомбой туманлараро иқтисодий судининг раиси.