Эри билан жанжаллашиб ўзини каналга ташлаган 28 ёшли аёлнинг ҳаёти сақлаб қолинди

Жорий йилнинг 24 август куни тахминан соат 16:30 ларда 1992 йилда туғилган фуқаро Н.Кучакова турмуш ўртоғи, 1989 йилда туғилган Ф.Жўраев билан ўзаро жанжаллашиб қолади. Жаҳли чиқиб, Чирчиқ шаҳар Заковат кўчасидаги Бўзсув каналининг кўпригидан ўзини ташлаган.

Соат 16:49 да ушбу ҳолатни кўрган атрофдаги фуқаролар зудлик билан Чирчиқ шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими 8 ёнғин-қутқарув қисмига хабар беришган.

Хабарга асосан, бир гуруҳ қутқарувчилар воқеа жойига етиб бориб, фуқаро Н.Кучаковани қутқариб қолишган. Воқеа жойига етиб келган тез-тиббий ёрдам ходимлари томонидан фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳозирда фуқаро Н. Кучакованинг аҳволи яхши.