Эркак бўлмай ҳар бало бўлгур...
(Япониядаги ўзбек йигит ҳикояси)
Ҳар доимгидек ишда ишлаб ўтирибман. Аёлимдан хабар келди. "Фалончи опа шифохонага тушиб қолибди. Япон тилини унча яхши билмаганлиги учун бориб таржимонлик қилиб келсам майлими?" деган мазмунда. Бориб келди.
Қайтгандан кейин телефонда вазиятни сўрадим. Ёши 30 дан ўтган икки нафар фарзанди бор аёл. Токиода япон тили мактабида ўқиб, ишларкан. Кечаси соат 23:00 дан эрталабки соат 8:00 гача дўконда ишлайди. Дўкондан чиқиб ўқишга боради. Ўқиш соат 13:30 да тугаб, соат 15:00 дан 22:00 гача бир корхонада ишлайди. Тасаввур қиляпсизми? Ухлаш, дам олиш деган нарсаларга вақт йўқ. Бунақа режимда ҳар қандай одам касал бўлиб йиқилиши табиий.
"Бечора турмуши ўхшамай, фарзандларини оёққа турғизиш учун бир ўзи ҳаракат қилаяпти экан-да, отаси, акаси йўқмикан?" деб ўйлаб турсам, эри ҳам бор экан. Ногирон ҳам эмас, руҳий касал ҳам эмас, тўрт мучаси соғ эри бор экан. Шу гапни эшитдим-у, тамом бўлдим. Хотин Японияда қулдек ишлаб пул жўнатяпти. Эр Ўзбекистонда болаларни олиб қолиб муддатли тўловга уй олиб, машина олиб, ялло қилиб юрибди.
Қайнона-қайнота "Келин, сиз уддабуронсиз. Эрингиз сал оғир ишларга бўлмайди" деб Японияга жўнатибди. Лолман! Эшитишимча, биргина Японияда бунақа тақдирлар бир нечта эмиш. Россия, Туркияларни гапирмай қўя қолай.
Ия, орият масаласи нима бўляпти, эркаклар? Ғурур нима бўляпти? Қачондан аёлини, онасини, опасини-синглисини четга жўнатиб, пулини виждонсизларча ишлатиб ўтириш оддий ҳолга айланди?
Бир пайтлар эркаклар аёлини Ўзбекистонга ташлаб, йиллаб четда юришини ҳам ҳазм қила олмайдиган миллат эдик. Энди бўлса, тескарисига ҳам кўникишимиз керакми?..
Болалигимда, бир қўшнимизнинг ўғли янги уйланган эди. Отаси билан "Россияга кетаман" деган суҳбатини эшитиб қолган эдим. Шунда отаси: "Россияга кетсанг кетавер-куя, хотинингни кимга ташлаб кетасан?" деган эди. Бояги йигит Россия ҳақида бошқа гап очмаган эди. Қисқа муддатга ёки бирга олиб кетишда муаммо йўқ. Аммо, оила институтига бунақа путур етказмайлик, барака топгурлар.
Баҳодир Искандаров, Токио.