Эркинжон Турдимов: Депутат бефарқ бўлиши мумкин эмас
Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида депутатлар олдига жуда масъулиятли, шу билан бирга муҳим вазифаларни қўйди. Депутатларнинг энг катта вазифаси – бу режалаштирилган дастур ва лойиҳалар ижросини мунтазам назорат қилиш ва дастурларнинг аҳоли талаби асосида шаклланишига эришишдир.
Бунинг учун депутат масъулиятни чуқур ҳис этиши ва атрофдаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаслиги лозим. Газеталарда, телевидениеда, ижтимоий тармоқларда ҳаётдаги воқеаларга муносабат билдиришни ўрганиши зарур.
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Президент Мурожаатномасидаги талаблардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини жонлантириб боради. Кенгаш учун бугуннинг шиори битта: фидойилик рағбатсиз, масъулиятсизлик чорасиз қолмайди.
Ҳокимликлар депутатларга уларнинг фаолияти учун барча шароитларни яратиб беришади. Депутатлар ўз сайлов округида амалга ошириладиган лойиҳа ва дастурлар матни билан таъминланади. Энди барча Кенгашларда ҳокимлар ҳисобот беради.
Президентимиз Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисидаги нутқида Самарқандда маҳаллий Кенгашлар билан ишлаш, Кенгашлар ва доимий комиссиялар фаолиятини замонавий демократик тамойиллар асосида ташкил этиш тажрибасини яратиш вазифасини қўйди. Бу вазифа ҳар бир депутатда фахр ва масъулият ҳиссини уйғотиши табиий.
Шунинг учун депутат телеграм канали ёки фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали ўз сайловчилари билан алоқа ўрнатиши, халқнинг унга мурожаат қилиши учун имкон яратиши зарур.
Вилоят Кенгаши яқин кунлар ичида вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари учун янги сайт жорий этилишини, йил давомида эса ҳар бир депутатнинг таклиф, мурожаат, мулоҳазаларга муносабат билдириши бўйича мониторинг олиб боришини таъминлайди.
Вақти-вақти билан депутат фаолияти юзасидан сўровномалар ташкил этамиз. Токи, Юртбошимиз айтганидек, бизнинг фаолиятимизга халқ, сайловчилар баҳо берсин.