Эркинжон Турдимов: Мурожаат - бу халқ олдидаги ўзига хос ҳисоботимиз, қолаверса, келгуси йил режалари юзасидан кенгаш, машваратимиз
Бугун, 19 декабрь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўн тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда депутатлар билан бирга Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят сектор раҳбарлари, бошқарма ва идоралар масъуллари, ҳоким ўринбосарлари, фаоллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Видеоселектор тарзида ўтказилган сессия жараёнларини туман ва шаҳарлар сектор раҳбарлари, депутатлар ва фаоллар, ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик кузатиб борди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятда 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари бўйича аҳолига мурожаат қилди.
– Президентимиз ташаббуси билан бу йил мамлакатимизда илк бор ҳар бир ҳудуд раҳбари – ҳокимлар якунига етаётган йилда амалга оширилган ишлар ва келгуси йил режалари юзасидан халқимизга мурожаат қилмоқда, – деди Э.Турдимов. – Шу пайтгача вилоятимизнинг барча туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида ҳокимлар аҳолига мурожаат қилди. Бугун вилоят бўйича ишларимизни таҳлил қилиб, келгуси йил режаларимиз ҳақида халқимизга маълумот бермоқчимиз. Бу биз, раҳбарларнинг халқимиз олдидаги ўзига хос ҳисоботимиз, қолаверса, келгуси йил режалари юзасидан сизлар билан кенгашимиз, машваратимиздир. Шу ўринда Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Салтанат ишларининг тўққиз улушини машварат, тадбир ва кенгаш билан бажо келтириш зарур”, деган фикрини ёдга олиш ўринли, деб биламан.
Шундан сўнг вилоят ҳокими 2020 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берди. Ҳар бир соҳа бўйича йил бошида белгиланган режалар ва уларнинг ижросига, ўз навбатида, 2021 йил режалари, кўзда тутилган лойиҳаларга тўхталди.
Белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳокимлар, мутасадди идоралар раҳбарларидан шахсий масъулият талаб этилиши таъкидланди.
Сессиядан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими Э.Турдимов журналист ва блогерларнинг саволларига батафсил жавоб берди.
– Мурожаатда айтган фикрларимиз, келгуси йил учун устувор йўналишларимизни амалга оширишда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларини ҳам фаол иштирок этишга чақираман, – деди анжуман якунида Э.Турдимов. – Чунки бу жараёнда жамоатчилик назоратининг ўрнатилиши барча вазифаларнинг очиқ ва ошкора, ўз вақтида бажарилишига ёрдам беради.