Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳар ҳокимининг айрим қарорларини бекор қилди

Самарқанд вилояти ҳокимининг 2022 йил 14 апрелдаги бу ҳақдаги қарори e-qaror.gov.uz га жойлаштирилди.

Қарорда келтирилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сон фармонининг 4-бандига асосан 2021 йил 1 августдан туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш ваколатлари бекор қилинган.

Бироқ Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан 7 та қарорлар юқоридаги фармон талабларига зид равишда қабул қилинган.

Шаҳар ҳокими томонидан ушбу қарорлар қабул қилинишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 февралдаги "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 71-сон қарори асос қилиб кўрсатилган. Ваҳоланки мазкур қарорда шаҳар, туман ҳокимлиги томонидан ер майдонини захирага олиш ҳақида қарор қабул қилиниши назарда тутилмаган.

Юқоридагиларга асосланиб, Самарқанд шаҳар ҳокимининг 2022 йил 14-15 март кунлари қабул қилинган 7 та қарори бекор қилинди.

Самарқанд шаҳар ҳокимига 2 кун муддатда ер муносабатларига оид қарорларни қабул қилишда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйганлиги учун шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, кичик саноат зоналари ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Э.Раджабов, ҳокимнинг капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Р.Олимов ва бош юрисконсульт Б.Тойировларга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораларини қўллаш вазифаси топширилди.