Эроннинг Исроилга энг йирик зарбаси, Исроил Эронни жиддий оқибатлардан огоҳлантирди. Воқеа тафсилотлари
Исроилга зарбалар ва таҳдидлар
Кеча тунда Эроннинг Исроил томонга юзлаб ракеталар билан ҳужуми дунё ҳамжамиятини яна Яқин Шарққа қаратди. Эрон буни Исроилнинг Ливандаги зарбалари ва Эроннинг юқори мартабали бир неча ҳарбийси ўлимига жавоб дея изоҳлади. Исроил эса ҳужумнинг бадали оғир бўлиши билан таҳдид қилмоқда.
ЦАХАЛ маълумотларига кўра, Эрон учирган баллистик ракеталарнинг аксарияти Исроил мудофаа кучлари томонидан тутилган. Эрон эса ўз навбатида ракета ҳужуми пайтида Исроилнинг 20 дан ортиқ Ф-35 қирувчи самолётларини уриб туширгани, Неватим авиабазасини йўқ қилингани, Исроилнинг жануби-ғарбида, Ашкелон шаҳри яқинидаги газ платформалари зарарланганини маълум қилди.
Исроил, агар Эрон Исроил ҳудудига зарбалар берса, Эронни ядровий ёки нефть инфратузилмасига ҳужум қилиш эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган эди. Эрон ҳам душанба куни бўлажак ҳужум ҳақида АҚШ расмийларини огоҳлантирган.
Бир кун аввал Исроил мудофаа армияси жанговар самолётлари кечаси Яқин Шарқдаги нишонларга жавоб зарбалари беришини маълум қилганди. "Бугун кечқурун биз зарба берамиз, унинг натижаларини бутун Яқин Шарқ кўради", - дея таҳдид қилган Исроил армияси.
Эрон бундан сабоқ олмади ва Исроилга ракета ҳужуми учун "юқори нарх" тўлайди, деди Исроил мудофаа вазирлиги раҳбари Ёав Галант. Теҳрон халқаро ҳамжамиятнинг чақириқ ва огоҳлантиришларига қулоқ солмай, Яқин Шарқдаги вазиятни жиддий хавф остига қўйиб, Исроилга нисбатан “мисли кўрилмаган” ҳужум уюштиргани айтилади баёнотда.
Исроил жавоб берса…
Эрон Қуролли кучлари Бош штаби ўз навбатида агар Исроил ракета ҳужумига жавоб қайтарса, унинг инфратузилмасини бутунлай йўқ қилиш билан таҳдид қилди. Бош штаб, шунингдек, Исроил иттифоқчиларини Исломий республика билан урушга киришиш оқибатларидан огоҳлантириб, Эроннинг жавоби уларни “тавба қилишга мажбур қилади” дея даъво қилган.
Эроннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси Эроннинг Исроилга ракета ҳужуми яҳудий давлатининг ҳужумларига қонуний жавоб эканлигини айтди.
Эроннинг энг йирик ракета ҳужуми сабаби
Эрон “Ҳизбуллоҳ” ва ҲАМАС етакчилари ҳамда Ливандаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кучлари қўмондони шаҳид бўлганига жавобан Исроилга ҳужум қилди. Бу ҳақда ISNA агентлигига Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кучлари матбуот хизмати хабар берди. “ҲАМАС Сиёсий бюроси раҳбари Ҳания, Ҳизбуллоҳ бош котиби Сейид Ҳасан Насруллоҳ ва Ливандаги корпус қўмондони Аббос Нилфрушоннинг шаҳид бўлишига жавобан биз босиб олинган ҳудудларнинг юрагини нишонга оляпмиз”, — дейилади ҳисоботда.
Айни вақтда эса ОАВ Исроил мудофаа кучларининг яна Ливандаги Ҳизбуллоҳ объектларига ҳужуми ҳақида ёзмоқда. Хабарларга кўра, Байрутнинг жанубий чеккаларидаги аҳоли ҳудудлари ҳам жиддий зарбага учраган. Араб ОАВлари Исроил қирувчи самолётлар ва дронлардан фойдалангани ҳақида хабар бермоқда.
Экспертлар ушбу воқеалар Яқин Шарқда можаро кўлами кенгайишига олиб келишидан хавотирда.
Г.Холдорова тайёрлади.