Эртадан свет ва газга тўлов қай тартибда ҳисобланади, оширилган нархдами ёки эски нархда?

Эсингизда бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида»ги №897-сонли қарорига мувофиқ 2019 йил 1 июндан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ва электр энергияси учун нархлар оширилиши назарда тутилган эди. Чунончи, маиший истеъмолчилар учун 1 метр куб табиий газнинг нархи ҳозирги 320 сўмдан 350 сўмгача, электр энергиясининг 1 киловатти ҳозирги 250 сўмдан 280 сўмгача ошиши керак эди.

Куни кеча Молия вазирлиги матбуот хизмати 1 июндан газ ва свет ошмаслиги ҳақида хабар тарқатди. 

Хабарда жумладан Молия вазирлигининг: «Табиий газ ва электр энергиясига белгиланган нархлар оширилади, лекин 1 июндан эмас. Биз нарх оширилишини вақтинча тўхтатиб қўйдик», — деган гаплари келтирилган эди.

Бугун туманлардан хабар беришларича, электр энергияси учун оширилган нархлар ҳақидаги эълонлар ЭТК идораларида илиб қўйилган жойларида турибди. Шу масалани ўрганган махсус мухбиримизнинг маълум қилишича, у Ургут туман ЭТК га бориб бу ҳақда ходимлардан изоҳ сўраганида улар "Молия вазирлигининг бу буйруғи расмий ОАВ эълон қилингач кучга киради. Шунинг учун расмий эълон бўлмагунча ёки юқоридан буйруқ бўлмагунча биз оширилган нархлар тўғрисидаги  эълонларни олиб қўя олмаймиз" деб жавоб берган.

Мухбиримизнинг "Агар бугун сиз назарда тутган расмий хабар эълон қилинмаса ёки юқори ташкилотларингдан сизларга буйруқ бўлмаса эртага пул тўлаш учун келадиган истеъмолчилардан оширилган нархда пул олинадими?” деб берган саволига ходимлардан бири "ҳа" деб жавоб берган.

Ургут туман ЭТК раҳбари эса оширилган нархда олинган пуллар нархлар оширилмаслиги ҳақида расмий буйруқ олингандан сўнг қайта ҳисобланиб истеъмолчиларга қайтарилиши ҳақида маълум қилди.

Бу масалани янада аниқроқ билиш мақсадида вилоят ЭТК раҳбар ходимлардан бирига қилган қўнғироғимиз бесамар бўлди, у қўнғироққа жавоб бермади.

Шундан сўнг мухбиримиз Ургут туман МИБ хизмати ходимларидан бири билан боғланиб, ундан эртага истеъмолчилардан сарфланган электр энергия ҳаққи қай тартибда ундирилиши ҳақида сўраганда у ҳозирча эртага қандай нархда пул ундиришини билмаслигини ва унинг қўлидаги аппарат эртага нарх ошириладиган бўлса автоматик тарзда оширилган нархда, агар нархлар оширилмаса эски нархда чек чиқаришини маълум қилди.

"Эртага эрталаб аниқ бўлади" деб қўшимча қилган у.

Биз вазиятни кузатишда давом этамиз ва эртага электр энергияси учун МИБ хизматчилари ва туман ЭТК томонидан қандай нархларда пул ундирилаётгани ҳақида янги маълумотлар берамиз. Ҳозирча нархларнинг ошгани ҳам, ошмагани ҳам номаълум.