Европа Иттифоқи Афғон халқига ёрдам кўрсатиши мумкин: икки томонлама музокаралар бошланди
Музокаралар Европа Иттифоқи томонидан Афғонистон муваққат ҳукуматини тан олишини англатмай, балки Европа Иттифоқи ва афғон халқи манфаатлари йўлида оператив ҳамкорликнинг бир қисми эканлиги айтилмоқдага.
Европа Иттифоқи вакилларининг Толибон билан мулоқоти Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар бермоқда.
Мулоқот чоғида толиблар чет эл фуқаролари ва мамлакатни тарк этишни хоҳловчи афғонларнинг хавфсиз ўтишини таъминлашга ваъда беришларини яна бир бор тасдиқлади. Аэропортлар фаолиятини давом эттиришда эса ёрдам сўрашди.
Шунингдек, ҳар икки томон ҳам қиш яқинлашаётган бир пайтда гуманитар вазият ёмонлашаётганидан жиддий хавотир билдирди. Европа Иттифоқи муҳтож афғонларга ёрдам кўрсатишни давом эттириш ниятида эканлигини маълум қилди.
“Толибон энди биз учун муқаррар музокарачиларга айланмоқда. Биз Кобулда ўз ўрнимизни таъминлашимиз ва бошқа кучлар томонидан четга сурилмасликка ҳаракат қилишимиз керак”, деган Евроиттифоқ вакили Жозеп Боррел. Шунингдек, у бошқа мамлакатларда бундай ҳолат такрорланмаслиги учун Толибоннинг Афғонистон ҳукумати устидан қозонган ғалабасидан хулоса чиқариш кераклигини таъкидлаган.
Боррелга кўра, агар Афғонистоннинг янги раҳбарияти бир қатор қоидаларга амал қилса, Европа Иттифоқи давлатлари етакчилари Толибон билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Европа Иттифоқи ва Толибон ўртасидаги потенциал ҳамкорлик шартлари қаторида у афғонлар учун инсонпарварлик ёрдамидан эркин фойдаланиш, шунингдек, асосий инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашни қайд этган.
Хусусан, Толибон ҳукмронлиги остидаги Афғонистон терроризмни бошқа давлатларга «экспорт» қиладиган трамплинга айланмаслиги керак.