Эзгу ташаббус: коронавирусга қарши маърифат билан курашилади
Дунёдаги бугунги вазият ҳар биримиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганишимизни тақозо этмоқда. Бинобарин, карантин талабларига риоя қилган ҳолда, ижтимоий-иқтисодий фаол ҳаётни давом эттириш ҳар доимгидан ҳам муҳимдир.
Президентимиз деярли барча чиқишида мазкур тамойиллар долзарб эканлигини алоҳида таъкидлаб келмоқда. Хусусан, яқинда аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида «Афсуски, бу балонинг охири кўринмаяпти. Европа давлатлари яна локдаунга киряпти. Қўшниларимизда ҳам аҳвол яхши эмас. Хавф ёнимизда юрибди. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз керак. Олдин қандай ишлаган бўлсак, шу тартибни тиклаймиз. Худо кўрсатмасин, шунча қилган ҳаракатимиз бекорга кетиши мумкин. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз», дея бежизга алоҳида айтиб ўтмади.
Унда жорий йил бошида кунига ўртача 30-40 нафар коронавирусни юқтириб олган бемор аниқланган бўлса, март ойи охирларида ушбу кўрсаткич – 160-190 нафарни ташкил этгани, ҳатто ўлим ҳолатлари кузатилаётгани ҳам қайд этилди. Нега бундай бўляпти?
Сир эмас, кўпчилик фуқаролар хотиржамликка берилиб, тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, антисептик воситалардан фойдаланиш, санитария қоидаларига амал қилиш каби карантиннинг энг муҳим талабларига бефарқ бўлиб қолгани бунинг асосий сабаби сифатида кўрсатиб ўтилди.
Дарҳақиқат, лоқайдлик энг хавфли душмандир.
Хўш, ана шу иллатни қандай қилиб йўқотиш мумкин? Коронавирусга қарши курашишнинг энг самарали йўли борми?
Жавоб аниқ: билим, жисмоний маданият ва профилактика тадбирлари ҳар қандай касалликни енгиб ўтишдаги қудратли қуролдир. Турмуш тарзимизда айнан шу тушунчалар ҳамоҳанглик касб этса, нур устига нурдир. Зеро, бу аҳоли ўртасида тиббий маданиятни шакллантириш ҳамда юксалтириш, санитария ва гигиена қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Пировардида ковид деган балонинг ҳам ўз-ўзидан илдизи қирқилади.
Бу борада жамиятда тарғибот тадбирларини янгича ва интерфаол шаклларда олиб бориш, мазкур жараёнларда, энг аввало, маърифатга, билимга суяниш кўзланган натижаларга эришиш имкониятларини кескин оширади.
Мамлакатимиз зиёлилари ушбу долзарб масалага бефарқ эмасликлари, бу борада ўз ғоялари ва амалий ҳаракатлари билан бевосита иштирок этиб келаётгани барчамизни қувонтиради.
Самарқанд давлат университети жамоаси яқинда ана шундай эзгу ташаббус билан чиқди. Яхши гапнинг қаноти бор, деганларидек, мазкур таклиф вилоят ҳокимлиги ва олий ўқув юртлари, хусусан, Самарқанд ветеринария медицинаси институти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
У қандай ташаббус дерсиз?
Гап шундаки, академик, СамДУ профессори Бакридин Зарипов томонидан вилоятдаги мактаб ўқувчилари ўртасида коронавирус пандемияси ҳамда унинг оқибатларини бартараф этиш мавзусида «Билимдонлар ва зукколар» беллашувини ўтказиш таклифи илгари сурилди. Бу ғоя университет раҳбарияти ва жамоаси томонидан қизғин кутиб олиниб, вилоят бўйича тезда амалга оширишга келишиб олинди. Унга кўра, беллашув СамДУ профессор-ўқитувчилари раҳбарлигида дастлаб Қўшработ туманида мактаблараро ўтказилиши белгиланди.
— Аҳоли, айниқса, улғайиб келаётган ёш авлод, хусусан, ўқувчи ва талабалар ўртасида коронавирус биологияси, пандемия ҳамда унинг хавфи, жамият ҳаёти, мамлакат иқтисодиётига етказадиган салбий таъсири ҳақида тушунчаларни қанча эрта сингдирсак, шунча яхши, — дейди академик Б.Зарипов. — Масаланинг муҳим томони шундаки, мактаб ва олий ўқув юртлари дастурларида вируслар ҳақида алоҳида мавзулар киритилиб, ўрганиб келинмоқда. Шу маънода, коронавирус пандемияси ва унинг олдини олиш ҳақида интеллектуал ўйинлар ва маданий тадбирлар ўтказсак, ҳам ўқувчиларнинг билимини оширамиз, ҳам тарғибот-профилактика тадбирларига муносиб ҳисса қўшамиз, энг муҳими, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги чора-тадбирлар самарадорлиги ошишига замин яратилади. Шунингдек, «тождор ёв»га қарши курашиш қаратилган ижтимоий ҳамжиҳатлик ҳам кучаяди.
Қувонарлиси, мактаблар ва олий ўқув юртлари ўртасида «Билимдонлар ва зукколар» беллашуви ўтказилишини нафақат ҳамкасбларимиз, балки вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, тадбиркорлар, кластерлар ҳам қўллаб-қувватлашини билдиргани бизни янада руҳлантирди, қўшимча рағбат берди. Мамлакатнинг бугуни ва келажаги учун бефарқ бўлмаган бундай инсонлар борлигидан фахрланамиз.
СамДУ ректори, профессор Р.Холмуродовнинг таъкидлашича, «Билимдонлар ва зукколар» беллашувининг ўтказилиши Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, Янги Ўзбекистонда вояга етаётган йигит-қизларнинг билим-савиясини ошириш, уларнинг тафаккур оламини бойитиш, пировард-мақсад учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор яратиш ва аҳоли саломатлигини сақлашга хизмат қилиши билан ғоятда аҳамиятлидир.
Шу ўринда ўғил-қизлар ўртасида пандемия даврида ўқиш, яшаш кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган мазкур маърифий мусобақа ғолиблари якунда пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Бу ерда гап совринда эмас, балки ёшларнинг тиббий-биологик билимини ошириш, уларнинг онгига ҳозирги мураккаб даврда соғлом ақл билан олға интилиш коронавирусни енгишнинг энг қудратли воситаси эканлигини янада чуқур сингдиришдир. Зора, айрим ёши катталар ўқувчилардан, баъзи ота-оналар фарзандларидан ўрнак олиб, тиббий ниқоб тақмаслик, ижтимоий масофани сақламаслик, антисептик воситалардан фойдаланмаслик каби одатларидан воз кечишса, кўзланган мақсадга эришган бўламиз, албатта.
Зеро, бундай усул дунёдаги энг илғор давлатлардан бири Сингапурда ўзининг ижобий самараларини берган. Мамлакатни ҳар томонлама обод қилган раҳбар — Ли Куан Ю таъкидлаганидек, «Одамлардаги кўкаламзорлаштиришга нисбатан эътиборсизликни йўқотиш учун мактабларда болаларни ўсимликлар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва боғларни парваришлашга ўргатдик. Улар эса ўз тажрибасини ота-оналарига етказишди».
Коронавирус пандемиясини енгишга қаратилган Самарқанд ташаббуси ҳам кенг қулоч ёйиб, мамлакат бўйича қўллаб-қувватланишига умид қиламиз. Бу эса аҳолининг, айниқса, ёшларнинг билим-кўникмаларини оширишга, «тождор вирус» тарқалиши тўлиқ жиловланишида ҳал қилувчи аҳамият касб этишига ишончимиз комилдир.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, «Коронавирус пандемиясининг олдини олиш» мавзусидаги «Билимдонлар ва зукколар» беллашувининг якуний босқичи Самарқанд давлат университетининг биология факультетида май ойининг иккинчи ярмида ўтказилиши мўлжалланмоқда.