Фармон Тошев: "Вазирлар қараши қачон ўзгаради?"
Ошкораликка интилганимиз сари ҳаётимиздаги иллатлар биз истасак-истамасак, кўзга ташланиб қоляпти. Йиллар давомида камчиликларимизни яширишга, «катта»лар олдида гап эшитмасликка ўрганиб қолганимиз яна оёғимизга тушов бўляпти.
Вилоят, туман ва шаҳар миқёсидаги нашрлар у ёки бу соҳадаги камчиликни кўтариб чиқса, маҳаллий раҳбарлар унчалик эътибор бермайди. Фақат «Биздан бошқа ҳам танқид қиладиганларингиз борми?», деб хафа бўлишади, холос. Аммо шу танқид республика миқёсида ёки «Озодлик» минбаридан эълон қилинса, раҳбарман дегани талвасага тушиб қолади. Яна ўша гап:
- Шу ҳолатни ёзиш шартмиди, ўзимизга айтсангиз, тўғрилаб қўярдик… Вазирим «еб ташлади», мажлисда ердан олиб ерга урди.
- Биз бу мақолани муаммо сабабини ҳамма билсин, айбдорлар ўз масъулиятини ҳис қилсин, бундай ҳолат бошқа ерларда ҳам такрорланмаслиги учун берганмиз…
- Биламан, аммо бу фикрингизни вазирликдагилар тушунмайди, уларга ҳам тепадагилар иддао қилса керак. Шу битта мақолангиздаги камчиликни оқлаш, ёпиш учун не ишларни қилмаймиз. Акс ҳолда бизни ҳам ишдан олиб қутулишади, аммо муаммо қолаверади…
Ҳеч ким ўзидан хавфсирамасин, хоҳлаган вилоятда, хоҳлаган ташкилот раҳбари билан суҳбатлашсангиз, шу гапни айтади.
Мени доимо бир савол қийнайди: нега вазирликлар ўз соҳасидан бериладиган танқидий мулоҳазани бунча оғир қабул қилади? Ахир жамоатчилик, хусусан, оммавий ахборот воситалари ходимлари ёрдамида соҳадаги камчиликларни тугатишдан, энг аввало, улар манфаатдор эмасми? Бирор вилоятда аниқланган камчилик, масъулиятсизлик баҳонасида ўша ҳолатни барча минтақаларда пухта ўрганиш ўзларига обрў келтирмайдими?
Мавжуд иллатларни хаспўшлаш, бир-иккита тадбир орқали кўзга ташланиш билан узоққа бориб бўлмайди. Ҳеч бўлмаса давлатимиз раҳбаридан ибрат олайлик. У киши қўйинглар, халқаро ҳамжамият билмасин, демаяпти. Аксинча, ислоҳотларга тўғаноқ бўлаётган иллатларни аниқлаб, жамоатчилик ёрдамида бартараф этиш чораларини кўряпти.
Эҳтимол, ўз соҳасидаги жиддий муаммоларни таҳлил қилган, жўяли таклифлар айтган жамоатчилик вакилларини рағбатлантириш ҳақида ўйлаб кўрарсизлар…
Хуллас, сизларга кўп нарса боғлиқ…