Федерация аралашувидан кейин автосалон "Gentra"ни ўз харидорига етказди

Қиш бошлангандан буён Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига газ ва электр энергиясидан норозилик мурожаатлари кўпайган. Айни шу муаммолар билан бир қаторда, автомашина олиш учун тўлов қилиб, сўнгра ўз вақтида автомобилини ололмаётган юртдошларимиз томонидан билдирилаётган мурожаатларнинг сони ҳам кўпаймоқда, деб хабар берди Федерация ахборот хизмати.

Навбатдаги ариза Қашқадарё вилояти, Чироқчи туманида яшовчи Худойберди Мустафоевдан бўлиб, у Қарши шаҳридаги “Ас-Қашқадарё сервис” хизмати томонидан “Жентра” автомашинаси учун 115 миллион 679 минг 409 сўм тўлов қилиб, шартнома тузган.

Шартномада келтирилган муддатдан анча вақт ўтиб кетаётган бўлса-да, унга автоулови етказиб берилмаётганлигидан қаттиқ норози бўлган.

Ушбу вазият Қарши шаҳар ижро этувчи аппарати ходимлари томонидан ўрганиб чиқилган. Фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари автосалон ходимларига тушунтирилган. Натижада қисқа фурсатда Худойберди Мустафоевга “Gentra” автомашинаси етказиб берилган.