“Redmi Note 10”нинг пули истеъмолчига қайтарилди

Паст Дарғом тумани Жума шаҳрида яшовчи Азамат Холбеков “Шаҳодат” истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилотига ариза билан мурожаат қилди.

Унда баён этилишича, фуқаро жорий йил 25 октябрь куни Самарқанд шаҳри Мирзо Улуғбек кўчасидаги “RAYIM-SHOP” МЧЖга қарашли савдо дўконидан “Redmi Note 10”  русумли телефон аппарати сотиб олган. Аммо ишлатиш жараёнида телефон носоз эканлиги маълум бўлади. Эртаси куни уни қайтариб олиб келиб, шу маркали бошқа телефонга алмаштириб беришни сўрайди. Сотувчи бундай телефон ҳозир йўқлигини, уч кундан сўнг олиб келишини айтади, аммо истеъмолчи келишилган вақтда келса, ҳали олиб келмаганлигини айтиб, уни бир неча марта сарсон қилади. 

“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 14- моддасида “Нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби”да истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кунда алмаштириб бериш шартлиги кўрсатилган. Бу ҳолатда эса уч ой вақт ўтса ҳам телефон алмаштириб берилмайди.   

Фуқаро аризасига асосан ҳолат мутахассис томонидан ўрганилиб, “Redmi Note 10” русумли телефон учун олинган маблағ тўлиқ қайтариб берилди.

Учқун Амиров,

“Шаҳодат” истеъмолчилар

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилоти директори.