Феълимиздаги зиддиятлар ёки барча одамларга бирдек тегишли бўлган ғаройиб далиллар
Инсон учун ҳанузгача энг катта жумбоқ ва синоат – Коинот, уммон қаъри ёки сирли ғойиб бўлган тамаддунлар ҳам эмас, балки унинг ўзидир.
Бирор нарсани жуда чуқур билишимизни ифодаловчи антиқа ибораларимиз бор: “Беш бармоқдай яхши биламан”, “Ер тагида илон қимирласа биламан” ва ҳоказо. Очиғини айтганда, бу гаплар билишдан кўра, инсоннинг мақтанчоқлиги ва муболағага ўчлигини ифодалайди, холос.
Энг аввало, ўз-ўзимизни яхши билиб олсак, қанийди! Ўзимиз ҳақимизда қанча кўп билсак, билмаган нарсаларимиз шунчалик кўп чиқаверади. Инсоннинг ўз-ўзини ўрганиш (англаш) жараёни, дунё тургунча, охирзамонга қадар давом этса, ажаб эмас! Олис галактикалар, чексиз коинотга чиқиб нима ҳам қилардик, ахир, инсон миясининг тузилиши Коинотдан минг чандон мураккаб бўлса!
Инсон феъл-атворининг қуйида келтириладиган айрим қирралари ҳақидаги маълумотлар балки, кўнглингизга ёқмас. Балки, бу фикрлар ҳақиқатдан йироқ бўлиб туюлар.
Ҳар ҳолда, дунёда инсондан мураккаб бошқа мавжудотнинг ўзи йўқ-ку.
1. Ўзингизни тақдир эркатойи деб билинг.
Сўнгги пайтларда сайёрамиздаги атиги 1 фоиз одамлар фаровон, ҳақиқий роҳат-фароғатда яшашади, қабилидаги маълумотлар қулоққа тез-тез чалиняпти. Одатда, ўша 1 фоизлик “тақдир эркатойлари” тоифасига миллиардерлар, катта сиёсатдонлар ва машҳур шахсларни киритишади.
Бироқ, яхшилаб ўйлаб кўрсангиз, ўзингизни ҳам ўша бахти кулганлар сафига қўшиш учун барча асосларни топсангиз, ажаб эмас. Мана, айрим далиллар:
БМТ маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг тенг ярми кунига 2 доллар атрофидаги даромад эвазига яшайди.
Инсониятнинг учдан бир қисми эса тирикчилик учун кунига 1 доллардан камроқ маблағ ишлатишга мажбур.
“Бахтли 1%” аъзоларининг ўртача йиллик даромади эса йилига энг камида 34 минг долларни ташкил қилади. Бу — кунига тахминан 93доллар демакдир.
“Бошқа юртларда пулнинг қадри баланд, турмуш даражаси ўзгача”, каби “далиллар” билан эътироз билдирсангиз-да, барибир, ичингизда “Худога шукр”, десангиз, ажаб эмас. Негаки, ҳар ҳолда, турмуш шароити бўйича Ер аҳолисининг ҳеч бўлмаганда, 3–5 фоизлик “дуруст” тоифасига киришингиз аниқ. Ҳаётни янада фаровон этишнинг йўллари эса сон-саноқсиз. Айниқса, бизнинг жаннатмонанд юртимиз шароитида!
2. Қиёфангиз Сиз ўйлаганчалик хушрўй эмас!
Агар Сиздан ташқи қиёфангизни ўнлик шкала асосида баҳолаш сўралса, ҳеч бўлмаганда, еттидан кам бўлмаган рақамни танлашингиз тайин. Аммо, олимлар фикрича, одамзот ўз чиройини керагидан ортиқроқ баҳолашга мойил. Халқ тилида айтганда, “Қора қўнғиз ҳам ўз боласини “оппоғим”, дейди”.
Шундай бир тажриба ўтказилди: бир гуруҳ кўнгиллилар фотосуратга олиниб, сўнгра бу суратларга компьютердаги “фотошоп” дастури ёрдамида “жило” берилди. Суратлар бир неча нусхада бўлиб, улардан биттаси асл ҳолида қолдирилди. Сўнгра қатнашчиларга ишлов берилган суратлар орасидан асли, яъни ўзгартирилмаганини топиш буюрилди. Амалда барча кўнгиллилар “пардоз” бериб, “силлиқланган” суратларни ўзларининг асл қиёфаси сифатида кўрсатди. “Бошқаларнинг асл суратини топинг”, деган талабга жавобан эса ишлов берилмаган суратни дарров аниқлашди.
Хулоса шуки, биз ўзимизни амалдагидан ҳам ортиқроқ чиройли, деб тасаввур этамиз. (Эстрада хонандаларининг афишадаги ялтироқ сурати билан ўзининг ҳақиқий башарасини солиштирсангиз, баъзан “ер билан осмонча” фарқни кўриш мумкин!)
“Ҳусни Юсуф” бўлмаса-да, ҳар ҳолда, Яратгувчи ато этган чеҳра ва қадди-қоматга розилик ёки кўникиш ҳисси – инсоннинг табиатида бор. Йўқса, ўз-ўзидан кўнгли тўлмаган одам хижил бўлавериб, турли касалликларга чалиниши ҳеч гап эмас.
Бошқалар чиройини баҳолашда эса анча объектив (ҳаққоний) ёндошамиз.
3. Сиз ҳаммадан афзалмисиз?
Атрофдаги инсонлардан ўз шахсиятингиз ҳақида ҳамма вақт яхши баҳо олиш – жуда мушкул ва деярли имконсиз ишдир. Қолаверса, ҳаммага бирдек ёқишга уринишдан ҳам кўра аҳмоқона истакнинг ўзи йўқ! Кимгадир ёқасиз, кимгадир эса – йўқ. Мабодо, бирортага ёқмасангиз, осмон узилиб, ерга тушмас. Қолаверса, ўзингизга ўзингиз ёқасиз-ку, шундай эмасми?
Агар қадр-қиммати топталса, одам ранжийди. Нега? “Қилган яхшилигимни билмади, мендек одамнинг қадрига етишмади”, деса керак-да. Оч қолиш, машаққат чекиш, касал бўлиш ва айниқса, ўлишдан қўрқамиз. Нега? Ахир, бу ҳаётда сабабсиз ва абадий нарсанинг ўзи йўқ-ку.
Баъзан, бошга тушажак мушкулот инсон учун хайрлик натижа келтириши ҳам мумкин. Масалан, “Бирор бандасини Аллоҳ таоло камбағаллик ёки касалликка гирифтор қилиб қўйган бўлса, билингки, уни гуноҳларидан покламоқчи бўлибди (Дайламий ривояти)”, “Қайси бир банда уч кун касал бўлса, онасидан янги туғилган кунидек гуноҳлардан фориғ бўлади (Табароний ривояти)”, “Иситма гуноҳларни бамисоли дарахт баргларини тўкканидек тўкади (Ибн Қонеъ ва Бухорий ривоятлари) каби ҳадислар бор.
Шуларга қарамасдан, мушкулотларга тоқат йўқлиги, айниқса, ўлишдан қўрқиш – инсоннинг ўз-ўзига ўта юксак баҳо беришининг натижаси экан. Яъни, инсон феъл-атвори, қилмишлари ва гуноҳ-савобларидан қатъий назар, ўзини негадир ўзгалардан афзалроқ, деб ҳисоблайди. Мос равишда, ҳаётда роҳат-фароғатга бошқаларга қараганда ўзини ортиқ ҳақлироқ, деб ҳисоблайди. Шу ўринда ёшлик давримиздаги бир ҳолат эсга тушди: илгари қишлоғимизда “туғилган кун” деган маросим деярли йўқ эди. Тахминан ўтган асрнинг 70-80-йилларидан бошлаб пайдо бўлди. Аввалига айрим келинчаклар ёш боласининг “туғилган куни”ни ўтказарди, кейинроқ бу одат бир-икки катталарга ҳам ўтди (демак, янги одатни “бошқа юрт”лардан тушган келинчаклар олиб келган). “Туғилган кун” қиламан, деган ўртоғимизга: “сен буюк алломамидинг, туғилган кун қилсанг? Туғилган кунингни кимга кераги бор?” дея ҳангома қилганимиз эсимда. Чиндан ҳам, ўз туғилган кунини нишонлаш – ўзини-ўзи улуғлаш, дегани эмасми? Истайсанми-йўқми, “туғилган куни” дастурхон соҳиби ҳақида илтифотлар, яхши гаплар, тилаклар айтилади. Бошқа пайтда у ўзи ҳақида бундай юксак фикрларни умуман эшитмаслиги ҳам мумкин!
Ўз шахсиятига баҳо бериш борасида «Scientific American» журнали аҳолининг турли қатламлари ўртасида қизиқарли сўров ўтказди. Натижалар ғаройиб: ҳайдовчиларнинг 93 фоизи ҳамма соҳада ўзларининг барчадан зўр (!) эканликларини таъкидлашган. Ўқитувчиларда эса, бу кўрсаткич 94 фоизни ташкил этди. Қолган тоифаларда ҳам натижалар бундан кам эмас. Асосий хулоса – инсонлар ўз-ўзларини юксак баҳолашади!
“Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман”, деган гап бор. Тўғри, одамни қадри, муваффақиятлари, роҳат-фароғати албатта, қизиқтиради. Аслида, одамзотни айнан “қорин ғами” кўпроқ қизиқтиради! Ўзига тегишли шу каби масалалардан муайян даражада кўнгли тўлсагина, сўнгра бошқалар манфаати тўғрисида ўйлаши мумкин. “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор?” сингари иборалар бежизга ўйлаб топилмаган-ку.
Инсон руҳиятининг ғаройиб хусусиятларидан бўлмиш “ўзини юксак баҳолаш” (тўғрироғи, “ўз-ўзини алдаш”) туйғуси бежиз берилмаган. Негаки, ўзи ҳақидаги асл ҳақиқатни теран англаш – руҳиятнинг мажруҳланиши, яъни чуқур депрессияга олиб келиши мумкин. Шу боис, агар руҳий соғлиғингизни асрамоқчи бўлсангиз, ўзингизни истеъдодли, доно ва ҳаммадан чиройли, деб ҳисоблашда давом этаверинг!
Ҳатто, энг ашаддий жиноятчилар ҳам ўз шахсиятига жуда юқори баҳо беради. Масалан, шафқатсиз, баттол, муттаҳам, виждонсиз... ва ҳоказо сифатларга эга бўлганлар ўзларига айнан тескари (“мулойим”, “андишали”, “ҳалол”, “виждонли”...деб) баҳо беришига нима дейсиз?! Бу фикрлар шунчаки назария эмас, балки кўплаб тажрибаларда исботланган далиллардир.
Умри давомида кўплаб бегуноҳ одамларнинг қонини тўккан ашаддий бир жиноятчи, ўз кундалигига: “Менинг қалбим доимо эзгулик, меҳр-шафқат ва яхшиликка тўла эди”, деб ёзган. Бу сафсаталарни битишга ҳеч ким уни мажбурламаган, ўлими олдидан айтган кўнгил иқрори ана шундай!
Кўҳна мақолда айтилганидек, “Қочган ҳам “Худо”, дейди, қувган ҳам – “Худо”, дейди”...
4.Фикрларингиз ҳар доим ҳам тўғри бўлавермайди...
Деярли ҳар бир одам, ўзининг мантиқий ва соғлом фикрлашига шубҳа қилмайди. Дунёда атиги бир-икки фоиз инсонларгина мустақил, тизимли, мақсадли ва соғлом фикрлаши, қолганлар эса фикрлашдан кўра, уларга эргашишга мойиллиги ҳақида жуда кўплаб тадқиқотлар ва маълумотлар мавжуд. Аммо, ҳеч ким ўзини ана шу “фикрсиз оломон” сафига қўшгиси келмайди! Тўғрироғи, ўзининг ана шундайлардан бири эканлигини ҳаргиз тан олмайди. Уларнинг фикрлари тахминан қуйидагича: “Тўғри, дунёда аҳмоқлар тўлиб ётибди. Лекин мен улардан бири эмасман-ку, тўғрими?”
Агар Сиз сиёсий, диний ва шу каби масалаларда ўз қатъий ишонч, эътиқод ва маслагингизга эга бўлсангиз, бу, ақлингиз ҳар доим тиниқ ва рационал (мақсадга мувофиқ, маъқул, тўғри) эканлигини билдирмайди. Масалан, собиқ тузумларда ҳукм сурган қанча маслаклар, ақидалар ва партияларга “қатъий ишонган” миллионлаб одамларнинг эътиқоди, ўша тузумлар билан бирга ботил (ёлғон) бўлиб чиқди-ку. Бу билан, уларни айблаш ҳам буткул нотўғри, албатта. Фақатгина, “Беайб – Парвардигор”, инсон эса “Хом сут эмган банда” эканлигини эслаб қўйсак, кифоя.
5.Абадий яшашни истайсизми?
Агар юқоридаги бандларни ўқиш давомида кайфиятингиз бузилган бўлса, энди яхши маълумот ҳам бор (Бой ота, қўрғонингиз ёниб, отингиз ўлиб, пичоғингиз сингани билан, уларни ўрнини босадиган яхши хабар бор. Худо бераридан қисмасин!). Сиз – абадий яшашингиз мумкин.
Гап, “квант боқийлиги” ҳақида боряпти. Динда-ку, бу масала аллақачон аниқ-равшан баён этилган. Энди, квант физикаси, фалсафа, тиббиёт, биология каби турли соҳа олимлари ҳам узоқ илмий изланишлар натижасида шу фикрни тасдиқлашга ҳаракат қилишмоқда. Содда қилиб айтганда, дунёдан ўтгач, инсондан ҳеч бўлмаганда Хотира қолади-ку! Хотира – нима ўзи? Хотирани чопиб, куйдириб ёки ерга кўмиб бўлмайди.
Биринчидан, Борлиқ — чексиз кўп (параллел) дунёлардан ташкил топган экан, шундай бир шароитда, инсон ўлиб, буткул йўқ бўлиб кетишидан қандай мантиқ бор? Инсоннинг руҳи ва шахсияти янги (масалан, энергетик) шаклга ўтиб, бошқа ёндош дунёда яшашда давом этади! Динда ҳам, Аллоҳ яратган “ўн саккиз минг олам” ҳақида қайдлар бор.
Иккинчидан, инсон думғазасида ҳар қандай шароитда ҳам йўқ бўлиб кетмайдиган ўта мустаҳкам ва сирли зарра борлиги илмий тадқиқотларда аниқланган. Бу зарра қайнатганда, болға билан янчиб-туйганда, ҳатто, ядровий портлаш марказида қолган тақдирда ҳам, ўз хусусиятини йўқотмас экан. Демак, бу заррада инсон ҳақидаги барча “кодлар” бежизга сақланмайди.
Ақлли одам учун инсон умри абадийлиги ҳақидаги белги-аломатлар тўлиб-тошиб ётибди: масалан, нега ўтган буюк зотларни эслаймиз? “Ўтган – ўтиб кетди. Энди, фақат бугунни кўриш керак”, демаймиз-ку. Шунинг ўзи ҳам – абадийлик эмасми?
Шундай экан, асосий масала – умрнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиш, боқий дунёга рихлат қилгач, кейинги ҳаётни қандай “ташкил этиш” масаласига янада жиддийроқ ёндошиш кераклиги аён бўлади!
6. Қачонлардир Коинотдан келганингизни биласизми?
“Бу гапни, энди жуда ошириб юбордингиз”, деб эътироз билдиришга шошилманг. Албатта, Сиз ёки ота-онангиз ўзга сайёрадан келгансизлар, демоқчи эмасмиз.
Гап шундаки, жонли ва жонсиз бутун борлиқ, Коинотдаги “дастлабки ғиштлар” бўлмиш – атомлардан ташкил топган. Ўтган миллиардлаб йиллар давомида юлдузлар, галактикалар ва сайёраларни ташкил этган атомлар неча-неча марта шаклан ўзгарди, моҳиятан эса ўша-ўша. Танангизда қанча атом борлиги ва ҳар бирининг тарихини билмайсиз-ку. Ичаётган сувимиз таркибидаги водород, бир пайтлар Қуёш сиртида бўлгандир. Нафас олганда ҳаво – қанча атомларни ичга ютамиз? Улар қаердан келяпти?
Хуллас, ҳар биримиз – Коинотдаги материя (борлиқ)нинг бир заррасимиз...
7. “Мутлоқ бахт”га эришиб бўладими?
Олдингизга улуғ ният-мақсадларни қўйиб, уларга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсангиз – яхши. Аммо, вақти келиб, ҳамма муаммоларни ҳал этсангиз, орзу-ниятларингизга эришгач, мутлоқ бахтли бўламан, дея ўйлаш, кам деганда соддалик бўлар эди. Ҳеч қачон ундай бўлмайди!
Муаммоларнинг аксарияти моддий аҳволингизга ҳам, соғлиғингизга ҳам мутлақо боғлиқ эмас. Яъни, беҳисоб пулингиз бўлса, куч-қувват ва соғлиқда паҳлавонлардан қолишмасангиз, шулар билангина бахтли бўлиб қолмайсиз...
Бахт, омад, ҳаёт лаззати ва ундан қониқиш ҳақида ҳар бир инсоннинг ўз ўлчови бўлади. Одам ана шу ўлчовлар даражасидан ортиғини тасаввур этиши мушкул. Шу “даража”, қайсидир маънода унинг учун ўзгармас меъёр, намуна (эталон) бўлиб қолаверади. Ҳатто, кутилмаганда бошига “осмондан” миллионлаб доллар ёғилса ёки қирқ йиллик ҳижрондан сўнг суюклисига эришганида ҳам бу тасаввур ўзгармайди! Яъни, муайян вақтдан сўнг, ҳар қандай бахт ва омаднинг ҳаяжонлари сўнади, инсон буни юз бериши табиий бир ҳолат сифатида қабул қила бошлайди. Ҳаммасига кўникиб кетади.
Бахт — астойдил интилишлар натижасида келувчи мутлақ, якуний, тугал ҳолат эмас (бизнингча, бундай ҳолат фақат жаннатда бўлади!), балки ўта нафис ва мураккаб жараён. Унинг тараққиёти ёки янада “авж олиши”ни башорат қилишнинг имкони йўқ (Бахтга “эришиш”, ёки бахтни “топиш” мумкин. Лекин “бахти тараққий этди” ёки “бахти ривожланди” каби иборалар – ғайриоддий). Кимдир бир бурда қаттиқ нон топиши, кўзи кўриб, ҳаводан нафас олиб туришини “бахт” деса, яна биров қўша-қўша машиналари, мил-мил бойлиги бўла туриб, “бахтсиз”лигидан нолигани-нолиган...
Ҳатто, фожиа ва бахтсизлик ҳақида ҳам шундай фикрни айтиш мумкин! Фаранг мутафаккири Вовенарг ибораси билан айтганда, “Қулликнинг даҳшатли томони шундаки, ҳатто у, қўлидаги кишанга ҳам меҳр қўя бошлайди”...
Хулоса шуки, Инсон – ҳар қандай ҳолатга ғоятда кўникувчан мавжудотдир.
8. Онда-сонда оқилона қарор қабул қиласиз...
Деярли барча одамларнинг фикрлаш ҳамда ҳаётий фаолиятда у ёки бу тушунчалар, қолиплар ва андозаларга мойиллиги ҳақида юқорида гапирдик. Жумладан, инсон ҳар бир ишда ўзи истаган, ўзи тасаввур қилган натижани кўришни истайди.
Содда қилиб айтганда, ҳаёт – осон ва енгил деювчилар учун ҳақиқатдан ҳам осон, мураккаб ва машаққатли, деб ҳисобловчилар учун эса – азоб-уқубатлидир.
Тўғрисини айтганда, “Иван Васильевич касбини ўзгартиради” комедиясида айтилганидек, “Эҳ Марфуша, ғам-андуҳга не ҳожат!”. Ҳаётда ҳамма нарса муносабат ва тасаввурга боғлиқ. Ерга қарасанг – балчиқ ва лойни, юксакка боқсанг – чарақлаган қуёш ва кенгликни кўрасан. Қайси бирини танлашни ўзингиз ҳал қилинг.
Инсон идрокининг яна бир антиқа сифати: хатти-ҳаракатингиз кўпинча мантиққа эмас, балки ҳиссиёт ва қўрқувга асосланади. Масалан, сариқ илон заҳарли эмас, беозорлигини яхши биламиз. Лекин уни бехосдан кўрганда, одам беихтиёр чўчиб тушади – бу ўринда ҳам ақл эмас, балки ҳиссиёт ва қўрқув тезроқ “ишлайди”. Баъзан, арзимаган сабаб туфайли, кимлар биландир қаттиқ талашиб-тортишасиз. Бироздан сўнг “калла совугач”, мантиқан ўйлаб қаралса, можарога асло ўрин йўқлиги маълум бўлади...
9. Келажакда сизни қашшоқлик кутмаяптими?
Бу савол биринчи банддаги фикрларга зиддек туюлиши мумкин. Лекин яхшилаб ўйлаб кўрилса, ҳаммаси жой-жойига тушади. Статистика маълумотларига қараганда, ёши 60 дан ошиб, пенсияга чиққанларнинг 79 фоизи ўта камтарона турмуш тарзига ўтиб қоладилар: улар пенсия ва давлат томонидан белгиланган айрим имтиёзларга муҳтож бўлишади. Бу “даромад”нинг катта қисми дори-дармон, энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва коммунал тўловлар учун “юқ” бўлиб кетаверади. Кексалик нафақасига чиққанлардан камдан-кам одамгина ўзига муносиб қўшимча даромад топа олади.
Буюк рус ёзувчиси Ф.Достоевскийнинг: “Пул – зарб қилинган озодлик”, деган гапида катта мантиқ бор. Ўзингиз хулоса қилинг: мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, Ер юзида яшовчи 7 миллиард аҳолининг атиги 8 фоизида “қора кун”га аталган (банкда счёт ёки бошқа кўринишда) жамғармаси мавжуд. Қолган барча инсонлар маошдан-маошгача, “қўл учида” кун кечирадилар.
Нафақадаги кексалар ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади...
Ушбу омиллар кўпинча, табиий равишда “нариги дунёга рихлат қилиш” истагини кучайтиради. Бу киноя ёки заҳарханда эмас. Бир умр ҳаракат қилиб, ҳар ҳолда, тузук яшаган инсон, пенсияга чиққач, юқоридагидек ҳолатга тушса, Достоевский айтмиш, пул бўлмагач, “озодлик” ҳам чекланса – бунинг нимаси ҳаёт?! Қарабсизки, кечагина катта тантана билан пенсияга чиқиши (ёки юбилейи)ни нишонлаган “қария”, вақтни ўтказмасдан “чин дунё” сафарига отланади...
Байт:
Эй кўнгул, гар Бобур ул оламни истар, қилма айб,
Тенгри учун де, бу оламнинг сафоси қолдиму?!
10. Хотира — ўз-ўзини алдаш демак.
Албатта, бу иқрор ҳам қулоққа ёқмайди, лекин афсуски, бу – бор гап. Реал ўтмиш, аслида биз хотирлагандан кўра бутунлай ўзга воқелик саналади. Ўтмишни асл ҳолича, бутун тафсилотлари билан эмас, балки ўзимиз истаган кўринишда эслаймиз. Тарих китобларининг вазият тақозосига кўра, қайта-қайта ёзилиши сабаби ҳам шунда.
Хотира — миянинг қайсидир бурчагида чанг босиб ётган эски кассеталар ёки фотоальбом эмас! Инсон тирик экан, хотиралар муттасил емирилиб, ўзгариб ва қисман қайта тикланиб бораверади. Ахир, атрофда инсон хотирасига таъсир кўрсатувчи омиллар сон-саноқсиз.
Очиғини айтганда, бунда инсоннинг “айби” йўқ. Негаки, ҳамма нарсани худди видеокассета тасмасидек хотирада бекаму-кўст сақлаб қолиш қобилияти инсонга берилмаган. Мутахассисларнинг фикрича, биз ўз ҳаётимиздаги воқеаларнинг атиги 4-5 фоизинигина эслай оламиз. Инсоннинг истеъдодига қараб, бу кўрсаткич бироз баландроқ бўлиши мумкин.
Агар инсон унитувчан бўлмаганида, илк пайғамбар – Одам Атонинг ўгитларини “қулоққа қуйиб”, ҳақ йўлдан оғишмай яшаган бўларди. Ваҳоланки, диний манбаларда ёзилишича, ер юзига инсонларни тўғри йўлга бошлаш мақсадида жами 124 минг нафар пайғамбар юборилган. Мана шунинг ўзиёқ, инсоннинг нақадар унутувчан – “фаромушхотир” эканлигини яққол кўрсатиб турибди.
Буни исботлаш мақсадида америкалик олимлар узоқ давом этган тажриба ўтказишди. «Challenger» шаттли (космик кема) ҳалокатига гувоҳ бўлган одамлар гуруҳидан кўрганлари ҳақидаги таассуротларни ёзиб бериш сўралди.
Орадан уч йил ўтгач, худди ўша гуруҳ аъзоларига яна худди савол билан мурожаат қилинди. Натижалар жуда ғаройиб бўлди: бир воқеани турли вақтда икки марта баён қилинган матнларда “ер билан осмонча” фарқ бор эди! Тўғрироғи, маълумотларда деярли бирорта умумийлик кўринмади. Ҳатто, бир йигит, уч йил бурун ўзи ёзган матннинг ҳақиқийлигига шубҳа ҳам қилди...
Ажабки, хотирамиз “архиви” ўзидаги маълумотларни вақт ўтган сайин “ўзгартириб” (таҳрир қилиб) юзага чиқарар экан. Шоирнинг:
Йиллар йўнар, йиллар ювар дилда дардни,
Ранги кетар ҳар қандайин муҳаббатни... деган сатрларида балки, инсон хотирасининг “беқарор”лиги ҳам назарда тутилгандир?
Бахтиёр Ҳайдаров,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.