Фоҳишаликка олиб кетилаётган икки аёл аэропортда тўхтатиб қолинди
Банкок шаҳрига фоҳишалик қилиш мақсадида йўл олган аёл аэропортда тўхтатиб қолинди, деб маълумот берди ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.
Маълум бўлишича, шу йилнинг 21 июль куни Ўзбекистон ИИВ ходимлари томонидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида ўтказилган тезкор тадбирда 29 ёшли Х.Н. исмли аёл Таиланднинг Бангкок шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланиш учун кетаётганда тўхтатиб қолинган.
Тезкор суриштирув натижасида Бухоро шаҳрида яшовчи 51 ёшли Х.Г. исмли аёл Тошкентда бўлган 29 ёшли Х.Н.га Бангкок шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланиши учун шароит яратиб беришни ваъда қилган.
Шунингдек, Х.Г. Россия Федерациясида бўлган 41 ёшли Х.Ш.ни ҳам айни шу мақсадда олиб кетишга келишгани маълум бўлган.
51 ёшли “Тадбиркор” Х.Г. "ўлжа"ларининг йўл харажатларини ҳам зиммасига олган. Бунинг эвазига улар “раҳнамо”га 4 минг АҚШ доллари “ишлаб” беришга келишганилиги аниқланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Х.Г. исмли аёл қўлга олинган. Айни пайтда унга нисбатан тегишли тартибда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.