Фуқаролар ва юридик шахсларнинг биронта мурожаати судларда кўрилмасдан қолиб кетмайди

Жорий йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг навбатдаги пленум йиғилиши видеоконференцалоқа орқали бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси  (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган чораларнинг жорий этилиши, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, шунингдек, моддий ва процессуал қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши чоралар жорий этилиши шароитида қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги пленум қарори қабул қилинди.

Шуни таъкидлаш жоизки, бу масала биронта хорижий давлат, шу жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Олий судлари пленумида муҳокама қилинмаган ва тегишли қарор қабул қилинмаган.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2020 йил 16 мартдан бошлаб коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олишга қаратилган, давлат органлари ва бошқа муассасаларнинг ишлаш тартибига жиддий ўзгартиришлар киритилиши, тадбиркорлик субъектларининг тадбиркорлик фаолияти, фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларининг чекланиши, шу жумладан, суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқини амалга оширишга таъсир кўрсатган махсус чоралар (карантин) жорий этилди.

Бундай чоралар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”, 2020 йил 4 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги Фармойиши билан ташкил этилган Республика махсус комиссиясининг қарорлари ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ жорий этилди.

Юртимизда карантин жорий этилгач, судлар фаолияти тўхтаб қолгани йўқ. Аксинча, юзага келган мураккаб вазият инобатга олиниб, судларда кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги ишлар кўриб келинмоқда, бошқа ишларни кўриш эса маълум муддатга қолдирилди.

Карантин жорий этилиши туфайли фуқароларнинг суд муҳокамаларида иштирок этишига, суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқининг амалга оширилишига таъсир кўрсатди, судларга ҳужжатларнинг электрон шаклда юборилиши кўпайди. Фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатлари борасида судларда иш тартиби ўзгарди. Фуқароларнинг шахсий ва сайёр қабулларини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлинди.

Албатта, бу чекловлар вақтинчадир. Буни барча тушуниб турибди. Ҳозирги ўта хавфли вирус хуруж қилиб турганда одамларнинг соғлиғини асраб-авайлаш ўта долзарб аҳамият касб этади.

Табиийки, карантин тартиби тугагач, судларга мурожаатлар сони кескин ошиб кетиши мумкин. Бу эса судлар зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Шу нуқтаи назардан қараганда ҳам бунга судлар ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўришни тақозо этади.

Айнан шундай ҳолатлар эътиборга олиниб, пленум қарори тезкорлик билан ишлаб чиқилди.

Пленум қарорининг мазмун-моҳиятини қисқача айтадиган бўлсак, айнан эпидемиологик вазиятларда судлар қандай фаолият юритиши қарорда ўзининг аниқ ифодасини топган.

Ўрни келганда яна шуни такрор айтиш керакки, фуқаролар ва юридик шахсларнинг биронта мурожаати судларда кўрилмасдан қолиб кетмайди. Бу масалада ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа бўлиши мумкин эмас, одамлар хотиржам бўлиши керак. Барча мурожаатлар қонун доирасида кўриб чиқилади.

Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши чоралар жорий этилиши, суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, шунингдек, моддий ва процессуал қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида тайёрланди.

Қонунга мувофиқ жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича, маъмурий ва иқтисодий судлар иш юритувида иштирок этувчи шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган ёки суд томонидан тайинланган процессуал муддатлар ўтиши билан у ёки бу процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини йўқотади.

Шу билан бирга, карантин шартлари даврида процессуал ҳаракатларни амалга ошириш имкони бўлмаган ҳолда судлар ҳар қандай процессуал муддатларни узрли сабабларга кўра ўтказилган муддат сифатида қонунда белгиланган тартибда тиклаш масаласини ҳал этиши зарур.

Судларнинг алоҳида эътибори карантин шартларининг жорий этилиши, ушлаб туриш, қамоқда сақлаш, уй қамоғида бўлишнинг қонунда белгиланган муддатларини, шунингдек, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштиришни қўллаш муддатларининг ўтишини тўхтатмасликка қаратилган.

Шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича судлар процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, касаллиги ёхуд ногиронлиги туфайли жазодан озод қилиш, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги ишлар ва материалларни ўз вақтида кўриб чиқиш чораларини кўриши лозим.

Жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишлар бўйича иш юритишни тўхтатиш асослари тегишли процессуал қонунда назарда тутилганлиги ва тугал ҳисобланиши боис судлар карантин шартлари жорий этилиши муносабати билан мазкур ишлар бўйича иш юритишни тўхтатишга ҳақли эмас ва уларни карантин шартларида белгиланган эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда, ўз вақтида кўриш чораларини кўриши, бундай чоралар ва процесс иштирокчиларининг иштирокини амалда таъминлашнинг имконияти бўлмаганда, ишни кўришни маълум муддатга қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши лозим.

Судларнинг қамоқдан ва уй қамоғидан озод қилиш тўғрисидаги ҳукмлари, ажримлари, қарорлари дарҳол ижро қилиниши зарур.

Ушбу пленум қарорининг қабул қилиниши суд амалиётида масалалар келиб чиқаётганлиги муносабати билан ишларни кўришда қонун нормаларини бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлашга, судлар фаолиятида қонунийликни таъминлашга қаратилган.

Албатта, қабул қилинган ушбу Пленум қарори низоларни тўғри ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.

Зарифа АҲМЕДОВА,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси.