Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончи ортади

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган бешта устувор йўналишнинг иккинчи йўналишида қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Республикамизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини, фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш фаолиятини янада такомиллаштириш йўналишида судлар тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, 2020 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкилий тузилмавий ўзгаришларни амалга оширади. Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатлари ташкил этилади.

Шу кунга қадар маъмурий судлар томонидан икки бир-бирига қарама-қарши соҳалар маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ҳамда оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид ишларни кўриб келган эди.

Жумладан, Булунғур тумани маъмурий суди томонидан ҳам ташкил қилингандан буён 3593 нафар шахсга нисбатан 2525 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини, шунингдек, 92 та оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид ишларни кўриб ҳал қилинган.

Маъмурий судлар ташкил қилингунга қадар маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилганлиги ҳам самарали синовдан ўтган.

Бу албатта, ғайриҳуқуқий ҳаракат содир қилган фуқарога нисбатан жазо чораси қўллаш ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш бир суд томонидан амалга оширилиши мақсадга мувофиқ бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши жуда тўғри қарор, деб ҳисоблайман.

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий судлар ташкил этилади. Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси  вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади.

Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, энди фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончи янада қатъий мустаҳкамланади.

Шерзод ТЎХТАЕВ,

Булунғур тумани маъмурий суди раиси.