Футбол, ЖЧ-2026 саралаши: Бугун Ўзбекистон терма жамоаси Эронда меҳмон бўлади

Ғалаба Ўзбекистоннинг жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини кескин оширади.
Эронга эса дуранг натижа кифоя қилади. Бош мураббий Амир Галенойи БАА устидан қозонилган 2:0 ҳисобидаги ғалабага изоҳ бериб, жамоаси ўйинидан фахрланишини таъкидлади ва ўз футболчиларини жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини муддатидан олдин бажаришга чақирди.
Эрон ўйинда мағлуб бўлган тақдирида ҳам жаҳон чемпионатига чиқиши мумкин, фақат бунинг учун БАА ва Қатар ўз ўйинларида очко йўқотиши керак бўлади.
Ўз навбатида, бу учрашув Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш йўлидаги энг катта қадам бўлиши мумкин. Агар жамоа ўйинда ғалаба қозонса ва БАА ҳамда Қатар ўз учрашувларида юта олмаса, Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади. БАА ва Қатар мағлуб бўлган тақдирда эса дуранг ҳам жамоага йўлланмани тақдим этади.
Ўзбекистон ва Эрон терма жамоалари саралашнинг учинчи босқичидаги “А” гуруҳида еттита ўйинида энг кам гол ўтказиб юборган жамоалар бўлиб турибди — 5 тадан. Аммо урилган голлар сони бўйича миллий терма жамоа (9 та гол) Эрон (14), БАА (12) ва Қатардан (15) ортда.
Жамоалар аввалроқ — саралашнинг иккинчи босқичида ҳам ўзаро тўқнаш келганди. Ўшанда Тошкентда Ўзбекистон икки тўп фарқи билан ортда қолаётиб, кейинчалик (2:2) дуранг қайд этган бўлса, сафардаги баҳсда ҳам ғолиб аниқланмаганди (0:0).
Саралашнинг учинчи босқичи доирасида Тошкентда бўлиб ўтган ўйинда Ўзбекистон учрашувнинг учдан бир қисмида сон жиҳатидан устунликка эга бўлиб ўйнаганига қарамай, жамоалар 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаганди.
Сариқ карточкалар туфайли ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов Ўзбекистон терма жамоасига бу ўйинда ёрдам беролмайди. Қирғизистонга қарши ўйинни ўтказиб юборган футболчи Остон Ўрунов сафга қайтиши мумкин.
Учрашувни Ўзбекистон кўк рангли, Эрон эса оқ либосда ўтказади.
“А” гуруҳининг бошқа ўйинларида БАА Саудия Арабистонидаги нейтрал майдонда Шимолий Корея билан, Қатар эса Қирғизистон билан меҳмонда ўйнайди.
Учрашув Теҳрон шаҳридаги “Озоди” стадионида 25 март куни соат 21:00 да бошланади. Йигитларимизга омад тилаймиз.