G20 молиявий  коммюнике бўйича келишувга эришолмади

G20 молия вазирлари ва марказий банк раҳбарларининг Ҳиндистоннинг технология пойтахти Бангалордаги учрашуви Украина урушини матндан олиб ташлашни талаб қилган Хитой ва Россия билан келишмовчиликлар туфайли консенсусга эришмасдан якунланди.

Ўтган йили Индонезия раислигида ўтган G20 нинг олдинги молиявий йиғилишларида ҳам қўшма коммюнике ишлаб чиқилмаган эди.

"Молиявий G20нинг олдинги йиғилишларига қараганда мунозаралар қийинроқ кечмоқда, чунки уруш давом этмоқда", деди Испания молия вазири Надия Калвинё.

Тадбирда турли мамлакатлар, молия институтлари ва банкларидан 72 делегация иштирок этди. Россия экспертлар даражасида тақдим этилди.

Шу куни Германия канцлери Олаф Шольц Ҳиндистонга ташриф билан келди. Унинг қайд этишича, Хитойнинг тинчлик ўрнатишдаги роли урушни қоралашдан бошланиши керак.

Шольц Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан музокаралар олиб борди. Учрашув якунида у Германия ва Ҳиндистон қуролланиш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришни режалаштираётганини айтди.