Украина АҚШнинг «51-штати» деб аталди ва Киевга ёрдам сиёсати танқид қилинди
Украинани қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб доллар сарфлаётган АҚШнинг ҳозирги маъмурияти Россия Федерацияси билан «воситачилик уруши» олиб бормоқда. Бу фикрни матбуот анжуманида АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси, республикачи Маржори Тейлор Грин билдирди. У Украинани АҚШнинг 51-штати деб атади.
Матбуот анжумани Грин ташаббуси билан қуйи палатага Украинага ёрдам кўрсатиш учун Конгресс томонидан ажратилган маблағлар сарфланишини назорат қилиш бўйича резолюция тақдим этилиши муносабати билан ўтказилди. Хусусан, қонунчилар АҚШ президенти Жо Байден даврида Киевга ажратилган молиявий ва ҳарбий ёрдамга оид тегишли ҳужжат ва бошқа материалларни Вашингтон маъмуриятидан 14 кун ичида тақдим этишни сўрашмоқда.
Грин таъкидлаганидек, сўнгги ойларда Украинани қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб доллар сарфланган. “Украинага жўнатган пуллар орқали биз чегарамиз қувватини оширишимиз мумкин эди, лекин биз буни қилмаяпмиз, - деди республикачи АҚШнинг жанубий чегарасидаги ноқонуний муҳожирлар оқими билан боғлиқ муаммога ишора қилиб. - Чегарамиздаги хавф-хатар, миллий хавфсизлигимиз инқирозига эътибор бермаяпмиз. Аммо бошқа давлат чегарасини тўлиқ ҳимоя қилмоқдамиз ва Россия билан «воситачилик уруши» олиб бормоқдамиз”.
"Менимча, Байден маъмурияти ва Конгресс ўз чегараларимизни эмас, балки Украина чегараларини ҳимоя қилишни молиялаштиришдан нима учун шунчалик манфаатдор эканини Америка халқи ва солиқ тўловчилари билишга лойиқдир", дея қўшимча қилди у. Шунингдек, Киевга ажратилган ёрдам ҳажмига ишора қилиб, Украина АҚШнинг 51-штатига айланганми, дея ҳайрон бўлди. "Биз Украина бюджетини ҳам молиялаштираётганимизни биласизми? Ёрдамга ва тўғридан-тўғри бюджетни қўллаб-қувватлашга 11,8 миллиард доллар кетяпти. Украина АҚШнинг 51-штатига айланган бўлса, унда ҳукуматимизда Украина президенти қандай позицияни эгалламоқда?, дея таажжубланди республикачи.