Ғафур Ғуломнинг дуосини олган мураббий
“Зарафшон”нинг забардаст муҳаррирлари ҳақида гап кетса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Нуриддин Шукуровнинг номи алоҳида тилга олинади.
Таниқли адабиётшунос олим, таржимон ва мунаққид, шоир, журналист Нуриддин Шукуров 1930 йил 16 майда Самарқанд туманидаги Туркман қишлоғида туғилган.
1945-1950 йилларда Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиган.
1953 йилдан СамДУ ўзбек адабиёти кафедрасида ўқитувчи бўлиб ишлаган. Кейинчалик университетнинг ўзбек ва тожик филология факультетида декан, кафедра мудири, проректор бўлган.
1968-1973 йиллар “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида бош муҳаррир сифатида фаолият кўрсатган, 1990 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд бўлимини бошқарган.
1977 йилда олимга "Ўзбекистон Республикаси фан арбоби" фахрий унвони берилган.
Нуриддин Шукуров 1995 йилда вафот этган.
Аллома ўзининг қисқа, аммо сермазмун умри давомида ўзбек адабиётшунослиги илмига, ўзбек танқидчилиги тараққиётига, ўзбек бадиий тили ва услубини тадқиқ этиш масалаларига жуда катта ҳисса қўшди.
Нуриддин Шукуров ғоятда зукко ва нозиктаб мураббий эди. Унинг талабаларга илм сирларини ўргатишда ўзига хос ва бетакрор услуби бор эди. Бунинг устига, у таниқли жамоат арбоби ва таълимнинг моҳир ташкилотчиси бўлган. Самарқанд вилояти миқёсидаги турли маърифий-адабий ташкилотларга раҳбарлик қилган. Унинг уйи шогирдлар учун доимо очиқ бўлиб, адабий баҳслар, тортишувларга бой давралар бўларди. Чунки домла Самарқанд давлат университетидаги “Шалола” адабий тўгарагини ташкил этиб, унинг атрофига Омон Матжон, Илҳом Ҳасанов каби истеъдод эгаларини жамлаган эди.
Нуриддин Шукуров Хизр назар қилган туғма иқтидорга эга олим ва педагог эди. Академик шоир Ғафур Ғуломга шогирд тушиб, унинг дуосини олган Нуриддин ака ўзидан катта адабий мерос қолдирди. Сўз санъатининг турли масалаларига бағишланган 300 дан кўпроқ мақола, асарлар яратди. Уларнинг бир қисмини қадрдон дўсти, таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Сайдулла Мирзаев билан ҳамкорликда ёзиб, газеталарда эълон қилган эди.