Ғалаба ғурури

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги яқинлашгани сайин юракларда ҳаяжон, нохуш безовталик бор. Нега десангиз, собиқ тузумдан ғалати бир анъана ҳануз сақланиб, байрам ёки тантаналарга қадар у ёки бу ишни тезроқ тугатиб қўйиш одати яшаб келмоқда.

Оловнинг  косовлари

Гап шундаки, Украинадаги 1300 километрлик фронт чизиғида 9 май яқинлашгани сари жанглар янада жиддий, янада шафқатсиз тус олаётир. Миллиондан зиёд аскарлари, минг-минглаб ҳарбий техникаси сафдан чиқарилганига қарамасдан, ҳар икки томон ҳам сира бўш келмаяпти. Пасха байрами ярашуви ҳақидаги ваъда-воизларга зид ўлароқ, Россия томони янада каттароқ ҳудудларни босиб олиш учун янги кучларни уруш қозонига ташламоқда. Боиси, ғалаба байрамини янги ғалабалар билан нишонлаш иштиёқи Кремлга сира тинчлик бермаяпти.

Бунда улар турли усулларни қўллаб кўрмоқда. Трампни авраб, ёлғон ваъдалар бериш, яраш соатларини эълон қилиш, тинчлик музокараларига даъват этиш - буларнинг барчаси ягона мақсад йўлида қилинмоқда. Яъни, украинларни ҳолдан тойдириб, ўз шартларига кўндиришга интилмоқда. Шартлар эса жуда оғир. Жумладан, Украина Россия фойдасига бешта областидан воз кечиши, армиясини тарқатиб юбориши, НАТОга аъзо бўлмаслиги, давлат бошига руспараст раҳбар келиши, бир сўз билан айтганда, таслим бўлиши керак. Улар бу йўлда гапларига Трампни ҳам ишонтиришга уринмоқда. Америкага сон-саноқсиз ҳадялар ваъда қилиб, ўзлари томон оғдиришга интилмоқда. Бойликка ўч Сем амаки ҳам агар дунё ҳамжамиятидан уялмаса, Украинани аллақачон Россиянинг битмас-туганмас табиий бойликларига алмашворган бўларди. Аммо орада ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб бўлмайдиган буюк қадрият бор. У ҳам бўлса, ғурур. Оддий инсоний ғурур. Қулни, қашшоқни, мазлумни эрк сари оёқлантирган ғурур. Беҳисоб қонларни тўкиб бўлса ҳам сақлаб қолинган бебаҳо ғурур.

Айтайлик, Иккинчи жаҳон урушида 50 миллиондан зиёд қурбон берилди. Одамлар эрк ва озодлик учун жон олиб жон беришди. Ким учун, нима учун? Ахир, улар ҳам баъзи ватанфурушларга ўхшаб, шаҳарлари калитини нон-туз билан душманга тақдим этиши мумкин эди-ку! Йўқ. Улар ўз эрки ва озодлигини ҳамма нарсадан азиз деб билди. Гарчанд, сохта бўлса ҳам инсонпарвар бўлиб туюлган коммунистик ғоялар ҳимояси учун омонсиз жангга кирди. Урушнинг дастлабки кунлариданоқ минг-минглаб ёшлар кўнгилли бўлиб, уруш майдонларига отланди. Иккиюзламачи, байналмилал мафкурага ишонган барча собиқ шўро халқлари Россия, Беларусь, Украина ҳимоясига отланиб, шириндан-ширин жонини қурбон қилди. Биргина Ўзбекистондан ярим миллиондан ортиқ йигит ҳалок бўлди. Уларнинг ўрни бизга ҳали-ҳануз билинади. Агар тирик бўлишганида, бугун биз 37 миллион эмас, нақ 50 миллионлик бўлардик.

Уруш бошқа халқларга ҳам демографик муаммолар пайдо қилди. Масалан, бугунги кунда Россия, Украина аҳолиси сони йилдан йилга камайиб бормоқда. Бунинг барисига ёвуз уруш сабабчи. Статистикага қараганда, Украина урушида кўпроқ россиялик майда миллатлар қурбон бўлмоқда экан. Бунинг сабабини сўрашганда, бир сиёсий арбоб: “Миллий республикаларда қашшоқлик кучли, шу боис йигитлар катта пул эвазига урушга бормоқда”, деди. Яна бир “доҳий” эса: “Руслар билан украинлар оға-ини халқ. Улар бир-бирига ўқ узгиси келмайди. Шу боис жангга рус бўлмаган миллат вакиллари киргани маъқул", деб ҳисоблайди. Бундан кузатилган мақсад очиқ кўриниб турибди - Украинага ташланадиган чўғни қўл билан ушламасдан, косовдан фойдаланиш. Бунда бошқа миллатларга косов вазифаси юкланаётгани очиқ кўринмоқда. Шу маънода, туваликларнинг ўз халқига нисбатан Москва геноцид уюштираётгани ҳақидаги гап-сўзларида жон борлиги аён бўлади. Мантиқ юзасидан олиб қарасак, Иккинчи жаҳон урушида ҳам ушбу усулдан фойдаланилгани сезилиб қолади. Йўқса, жанггоҳларда америкаликлардан кўра кўпроқ ўзбекистонликлар қурбон бўлармиди?!

Уруш ва қонун

Бир қараганда ушбу сарлавҳа бемаъни бўлиб туюлиши мумкин. Ахир урушда қонун бўларканми? Ҳа, халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинган уруш ҳаракатларини олиб бориш ҳақидаги Женева конвенсияси мавжуд. Аммо унга урушаётган томонлар кўпам риоя қилавермайди. Кўпинча тинч аҳоли қуролларнинг асосий нишонига айланади. Масалан, Россия томони украин халқида ўз раҳбарларига нисбатан нафрат уйғотиш мақсадида уруш ортидаги тинч шаҳарларга кўпроқ ҳужум уюштирмоқда. Аммо уларнинг бу ҳарбий жиноятлари тескари натижа бермоқда. Аксинча, украинлар президент Зеленский атрофига жипсроқ бирлашиб, босқинчиларга қарши курашни кучайтирмоқда. Албатта, ҳамма украиналиклар ҳақида ҳам бундай деб бўлмайди. Улар орасида урушдан қочиб юрганлар, душманга сотилганлар ва шунчаки, охири нима бўларкин, дея томошабин бўлиб ўтирганлар ҳам кам эмас. Бироқ ўз халқи, Ватани, миллати, тили, дини ҳақида қайғуриб, қонли жангга кираётганлар кўпроқ. Айнан шу боис ҳам улар ўзларидан ўн баравар кучли босқинчи армиянинг хуружини қайтариб турибди. Булар биз юқорида ёзганимиздек, миллат озодлиги, эрки учун қилинмоқда. Аслида бу жараёнларнинг илдизи узоқ йилларга бориб тақалади.

Айтайлик, 1945 йилнинг май ойида Европада уруш ҳаракатлари тўхтатилди. Дунё бир нафас тин олгандек бўлди. Аммо 1946 йилдаги Черчилнинг Фултон маърузасидан кейин жаҳон халқларига яна бир очиқ ҳақиқат аёнлашди. Маълум бўлдики, Шарқий Европа бир босқинчидан қутулиб, Ялта ва Потсдам шартномалари асосида, иккинчи бир босқинчи қўл остига ўтибди. Дунё коммунистик инқилоби орзусида яшаётган большевиклар уруш баҳонасида улкан бир ҳудудда ўз расм-таомилларини ёя бошлади. Бундан илҳомланган маргинал сиёсий кучлар Кремль кўмагида бошқарувни ўз қўлларига олди. Уларнинг ҳокимиятига кафолат сифатида Германия Демократик Республикаси, Австрия, Польша, Руминия, Болгария, Венгрия, Чехословакия сингари Европа мамлакатларида шўро қуролли кучлари жойлаштирилди. Гарчанд, Ғарб мамлакатларининг босими билан улардан бир қисми кейинчалик олиб чиқиб кетилган бўлса-да, ушбу давлатлардаги сиёсий режимлар ўз ўрнида қолди. “Халқ демократик” ҳукуматлари бошқарувда яроқсиз совет услубини ўзларига андаза қилиб олишгани боис шўро жамиятига хос кўплаб муаммолар уларга кўчиб ўта бошлади.

Дастлаб 1948 йилда ГДРда норозилик халқ ҳаракатлари бошланди ва маҳаллий коммунистлар ёрдамида бостирилди. Кўп ўтмай, 1956 йилда Венгрияда “аксилинқилобий” қўзғолон совет армияси томонидан бешафқат янчиб ташланди. 1968 йилдаги "Прага баҳори" дея номланган халқ ҳаракати ва ўтган асрнинг 80-йилларидаги Польшада содир бўлган воқеалар аста-секин шўро давлатининг таназзули яқинлашаётганидан дарак берди. Воқеаларнинг бундай нохуш ривожидан хавотирга тушган шўро раҳбарлари 1975 йилда чегараларнинг дахлсизлиги ҳақидаги машҳур Хельсинки шартномасини имзолашга мажбур бўлди. Нега десангиз, Кремлдаги хаёлпарастлар то шу кунларга қадар халқаро коммунистик ҳаракат кенг ёйилиши ва "чириб бораётган" капиталистик мамлакатлардаги бошқарув коммунистлар қўлига ўтиши ҳақидаги ширин хомхаёллар оғушида эди. Европада янги пайдо бўлган озодлик ҳаракати улар учун жиддий огоҳлантириш бўлди ва Кремль Иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган воқеликни тан олишга мажбур эди.

Икки дунё, икки олам орасидаги тинч мусобақа рақобати давом этди. Кечагина урушда мағлуб бўлган мамлакатлар тикланиб, дунёнинг иқтисодий гигантларига айлана бошлади, ғолибларнинг боши ғалвадан чиқмай қолди. Ҳатто, аҳолини кундалик эҳтиёж маҳсулотлари билан таъминлаш ҳам катта сиёсий муаммога айланди. Ёши катта кишиларимиз гўшт, ёғ, совун, сочиқ тақчиллиги ва бунинг орқасидан келиб чиқадиган узундан узоқ навбатларни яхши эсласа керак. Масалан, менинг ёғ, ун, нон, сочиқ, батарейка, дафтар, оддий шиппак учун навбатда турганларим ёдимда. Хуллас, сиёсий хатолар иқтисодий таназзулнинг бошланишига сабаб бўлди.

Энг олий ҳуқуқ

ХХ аср инсоният тарихига унинг энг мураккаб даврларидан бири бўлиб кирса, ажаб эмас. Нега деганда, икки жаҳон уруши, юзлаб инқилоблар, адоқсиз ислоҳотлар ўтган асрнинг асосий қиёфаси бўлди, десак адашмаймиз.

Аср бошларидан кучая бошлаган сўллар ҳаракати охири дунёда озми-кўпми ижтимоий адолатнинг қарор топиши билан ХХI аср бошларига келиб, аста-секин сусая бошлади. Кучайиб бораётган глобализм жараёнлари инсоният олдига янги-янги муаммоларни кўндаланг қўйди. Улардан бири ҳозиргача давом этаётган халқларнинг буюк кўчиши бўлди. Иккинчиси, учинчи дунё мамлакатларининг биринчи ва иккинчи дунё билан тенгма-тенг рақобатга киришганидир. Ҳозирги вазият шундайки, иккинчи дунё мамлакатларини ким ўзига томон оғдириб олади, деган савол ҳар икки дунё давлатлари учун асосий муаммога айланмоқда. Агар Ғарб Россиянинг кўнглига йўл топиб, уни ўз иттифоқчисига айлантирса, кучайиб бораётган Хитой билан бўлажак рақобатда ютиб чиқиши мумкин. Бироқ Хитой ҳам либерал-демократик дунёга қарши курашда Россияни ўзига яхши ҳамкор сифатида кўришни истайди. Чунки кимдир хоҳласа-хоҳламаса, Россия ҳали дунёдаги асосий куч марказларидан бири сифатида ўз аҳамиятини йўқотганича йўқ.

Москва икки катта йўл бошида турган одамга ўхшайди. Ғарб либерализми билан яқинлашса, худди аввалги йилларда бўлганидек, парчаланиб кетиш хатари пайдо бўлиши мумкин. Мабодо учинчи дунё таркибига қўшилса, Хитойга вассал давлат сифатида абадий қолоқлик ботқоғига тушиб қолади. Масалан, учинчи дунёдаги лидер давлат Хитойни олиб кўрадиган бўлсак, нуқул Ғарб технологияларини ўзлаштириш ҳисобига ривожланаётган империя шаклидаги бир салтанат эканлиги аён ҳақиқат. Шу боис бўлса керак, Москва ўзи учун бошқаларга ўхшамайдиган оригинал "рус дунёси"ни яратишга ҳаракат қилмоқда. Катта империяни эса Украинасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, олиб борилаётган бугунги уруш Россия учун аллақачон ҳаёт-мамот масаласига айланиб улгурди.

Энди ортга қайтишга йўл қолмаган. Бу шуни англатадики, уруш тугаган тақдирда ҳам орадаги зиддият якун топмайди. Баъзилар бу урушда фақат Путинни айблашга уринади. Аслида бундай эмас, у ўз халқининг кайфияти оқими бўйлаб сузмоқда. Путин империянинг бир аср ичида икки марта парчаланишидан чуқур тушкунликка тушган аламзада халқнинг ҳосиласи. Фақат бунда унинг дунёқараши билан оддий халқ кайфияти жуда ҳамоҳанг келганлиги вазиятни қалтислаштириб юборди.

2022 йил 24 февралда уруш ҳаракатлари бошланганида Россия армияси қаттиқ қаршиликка учраб, кўплаб аскарлар ҳалок бўлгач, ҳамма энди мамлакатда урушга қарши ҳаракат ва намойишлар бошланиб кетади, деб ўйлаганди. Аммо бундай бўлмади, одамлар мўмай пул топиш илинжида ўз ихтиёри билан жангга отлана бошлади. Қамоқхоналардаги маҳбуслар ҳам озодлик эвазига урушга киришга рози бўлди. Уларнинг ёнига ипотека кредити қарздорлари ва алимент тўлашдан қочиб юрганлар қўшилди. Бугун рус маъмурлари хориж фуқароларини ҳам урушга сафарбар этмоқда. Украинларга қарши африкалик, ҳиндистонлик, хитойлик, шимолий кореялик ва барча собиқ шўро республикаларидан бўлган одамлар урушаётганлиги сир эмас. Адолат юзасидан айтиш керакки, хориж фуқаролари Украина томонида туриб ҳам жанг қилмоқда.

Қисқа қилиб айтганда, ушбу муҳорабада инсонларнинг энг олий - яшаш ҳуқуқи қўпол поймол этилмоқда. Айниқса, унда тинч яшаётган аҳолининг, қариялар ва болаларнинг қурбон бўлаётганлиги чидаб бўлмас ҳолат. Кимларнингдир шубҳали орзу-ҳаваси ва сиёсий-иқтисодий ўйинлари йўлида минглаб навқирон йигитлар қурбон бўлаётгани кишини афсуслантиради. Ахир, улар орасида бўлажак олимлар, шоирлар, ихтирочилар, буюк мутафаккирлар бўлиши мумкин. Ўз халқининг генофондига бундай шафқатсиз муносабатда бўлаётган кишиларни келажак сира кечирмаса керак.

Худойберди Комилов,

сиёсий шарҳловчи.