Газ тортувчи “насос” эмас, энергия тежовчи ускуна ўрнатинг!
Бугун ижтимоий тармоқлар орқали келиб тушаётган мурожаатларнинг айримларида маҳаллалардаги баъзи фуқароларнинг газ сўрғичларидан (насос) фойдаланиши оқибатида, ҳудудлардаги газ тармоқларининг охирги нуқталарида табиий газ босими меъёридан пасайиши кузатилаётганлиги айтилмоқда.
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали сервис хизматларни ривожлантириш бўлими бошлиғи Салоҳиддин Маллаевнинг айтишича, бундай ҳолатлар бўйича рейдлар ўтказилиб, қоидабузарларга нисбатан нечоғлик чоралар кўрилмасин, айрим шахсларнинг газ сўрғичларидан фойдаланаётгани кузатилмоқда.
Аҳоли газ тортувчи “насос”лар ўрнига, энергия тежовчи газ ускуналарини ўрнатишса, берилаётган газ ўзига ҳам қўшнисига ҳам етади. Бундан ташқари, оилавий бюджети ҳам иқтисод қилинади.
Мутахассисларнинг фикрича, ушбу замонавий энергия тежамкор газ ёндиргичлари фойдаланилган табиий газни тахминан 30-35 фоизга иқтисод қилиш орқали оила бюджетини ортиқча харажатдан холос этади. Муҳими, у хавфсиз бўлиб, босим пасайиб кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар бўлганда, автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади.
Самарқанд вилоятида жами табиий газ етказиб берилаётган хонадонлар сони 288 108 тани, шундан ҳовли уйлар сони 224 807 тани ташкил этади. 2020 йилнинг жорий давригача вилоят бўйича 3 517 та ҳовли уйларидаги қозонхоналарга замонавий хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозланган энергия тежовчи ёндиргичлар ўрнатилди.
Айни кунларда Республикамизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан табиий газдан оқилона фойдаланиш ва ортиқча сарфни камайтириш мақсадида аҳоли хонадонларининг қозонхоналаридаги (маънан эскирган, қўлбола) ёндиргичлар (горелкалар) замонавий иссиқликни автоматик равишда бошқарувчи ва хавфсизлик автоматикаси билан жиҳозланган газ ёндиргичларга алмаштирилмоқда.
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали матбуот хизмати.