“Hududgaz Samarqand” раҳбари Самарқандда “ақлли” газ ҳисоблагичлар ўрнатиш ноябрда якунланишини маълум қилди
Самарқандда 2022 йилнинг 18 август ҳолатига кўра, жами 269 890 та "ақлли" газ ҳисоблагичлар шаҳар ва туманларга етказилиб, уларнинг 267 985 таси ўрнатилган ва “БиллингГаз” дастурига уланган.
Бу ҳақда “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали директори Ансор Муҳаммадиев журналистларга маълум қилди.
Жорий йилнинг август ойига қадар вилоятнинг Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон, Нуробод, Ургут ва Пахтачи туманларида яшовчи табиий газ истеъмолчилари хонадонларига “ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиб бўлинган. “Ақлли” ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари вилоятимизда жорий йилнинг ноябрь ойигача давом этади.
Айни пайтда замонавий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ишларига Самарқандда 100 га яқин махсус бригада жалб этилган.
Мазкур ҳисоблагичлар, Президентнинг 2020 йил 24 сентябрдаги “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш” лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ўрнатилмоқда. Бундан инсон омили иштирокисиз ҳисоб-китобни йўлга қўйиш, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасида шаффофлигини таъминлаш мақсад қилинган.
Қарорга кўра, жами 281 750 та электрон газ ҳисоблагичларни (ЭГҲУ) ўрнатиш ва АСКУГ тизимини жорий этилиши белгиланган.