Самарқандда “Ҳудудгазтаъминот” филиалига яна бир тадбиркордан йирик миқдордаги қарз ундириб берилди

Қарз миқдори 138 миллион сўмни ташкил этади. Бу ҳақда zarnews.uzга Мажбурий ижро бюроси Иштихон тумани бўлими хабар қилган.

Маълум қилинишича, Иштихон туманлараро иқтисодий судининг қарздор “Тайлоқ универсал сервис” масъулияти чекланган жамияти (ғишт ишлаб чиқарувчи корхона)дан ундирувчи фойдасига қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюроси Иштихон туман бўлими ижро иш юритувига келиб тушган.

Шу куннинг ўзида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхалари томонларга юборилган.

Ижро ҳаракатлари давомида “Тайлоқ универсал сервис” масъулияти чекланган жамиятининг банк ҳисоб-рақамларининг чиқим қисмига банд солинган ва унга тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида мутасадди идораларга сўров хатлари юборилган.

Мажбурий ижро ҳаракатлари давомида МЧЖ тўрт бўлиб 138 миллион сўм пулни “Ҳудудгазтаъминот” АЖ Самарқанд филиали ҳисоб-рақамига ўтказиб берган.