Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маиший газ баллонларини рақамлаштириш сарсонгарчиликнинг олдини оладими?

Бу саволга Самарқанд вилоят Матбуот уйида «Hududgaz Samarqand» газ таъминоти филиали директори Олимжон Исоқулов иштирокида вилоятда суюлтирилган газ таъминотини онлайн назорат қилиш тартиби бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжуманида жавоб изланди. Таъкидланишича, вилоятда газ баллонларининг 366 088 тасига махсус штрих кодли стикерлар ўрнатилган, 4 479 истеъмолчига эса ID-карталар тарқатилган.

Бугунги кунда “Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиалига қарашли Самарқанд газ тўлдириш станцияси, Ургут, Пайариқ, Пахтачи, Каттақўрғон, Қўшработ газ тўлдириш шохобчалари томонидан газ баллонлари тўлдирилиб, вилоятдаги табиий газ етказиб беришнинг имкони бўлмаган 827 та маҳаллага етказиб берилмоқда. Шунингдек, бу юмуш билан “Темургаз” МЧЖ ва “Samexprespetrol” хусусий корхоналарига қарашли газ тўлдириш шохобчалари ҳам шуғулланмоқда.

- “Hududgazta’minot” акциядорлик жамияти томонидан суюлтирилган газнинг ҳисоб-китобини юритишда автоматлаштирилган тизим жорий этилмоқда, - дейди О.Исоқулов. - Бу ҳам истеъмолчи, ҳам таъминотчи учун ҳар томонлама қулай тизим бўлиб, газ баллонларини тарқатишда шаффофликни таъминламоқда, яъни аҳоли сарсонгарчилигининг олдини олади. Шу билан бирга, аҳолига нақд пулсиз хизмат кўрсатиш таъминланади. Ҳозиргача вилоятимизда газ баллонларининг 366 088 тасига махсус штрих кодли стикерлар ўрнатилди. 4 479 та истеъмолчига эса ID-карталар тарқатилди.

Ҳозирда вилоятдаги 487 105 та суюлтирилган газ истеъмолчилари бўлиб, уларнинг 486 772 таси аҳоли хонадонлари, 332 таси эса ижтимоий соҳа объектлари ҳисобланади. Маиший газ баллонлари етказиб бериш даврийлиги 30-40 кунни ташкил этиб, автомашиналарда айланма тара усулида тарқатиш хизмати йўлга қўйилган. Жорий йилнинг январь ойида суюлтирилган газ истеъмолчилари сони қарийб 4 мингтага ошиб, аҳолига 3819 маиший газ баллонлари тарқатилди.

Дилмурод Тўхтаев.