Қишда газдан муаммо бўлмайдими?

Ҳар гал совуқ тушиши билан аҳолидан “Газ босими пасайиб қолди”, “Газ берилмаяпти”, “Газ баллони ўз вақтида келмади”, “Баллондаги газ бир ҳафтага бормай тугади”, “Баллон носоз экан”, деган шикоятларни эшитамиз.
Кунлар совимасидан эса “Куз-қиш мавсумига тайёргарлик бошланди” деб бонг урилади, қилинаётган ишлар кўз-кўз қилиниб, масъуллар одатдагидек ваъдалар беради.
Аммо бу сафар ундай бўлмади. “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали томонидан куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида газ хўжалигида амалга оширилаётганган ишларга бағишланган матбуот анжуманида масъуллар: “Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўряпмиз, лекин газдан муаммо бўлмайди, деб олдиндан ваъда беролмаймиз”, деди.
Бу гап масъулларнинг аввалги йиллардагидан фарқли равишда “ҳаммаси жойида бўлади”, деган “навбатчи” гапи эмас, балки мавжуд вазият ва муаммолар ҳақида очиқ гапираётганини англатади.
“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали директори ўринбосари Жасур Авазовнинг таъкидлашича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида 24,7 километр газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 11,7 километр тармоқда ишлар бажарилган. 50 дона газ тақсимлаш қурилмаси соз ҳолатга келтирилиб, 4923 дона қурилма тафтиш қилинган. Газ тармоқларини босим остида зичликда синаш ва ҳаво босимида тозалаш мақсадида 859 километр тармоқда амалий ишлар олиб борилган.
Шу билан бирга, жорий йил вилоятда 16 минг 620 та хонадонни уч босқичли тизимдан икки босқичли тизимга ўтказиш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг январь-июль ойларида 16 минг 438 та хонадон икки босқичли тизимга ўтказилган ва 495 дона ўрта босимли газ тақсимлаш қурилмаси демонтаж қилинган.
– Ташкилотимизга қарашли 6 газ тўлдириш станцияси ва газ тўлдириш пункти ҳамда 13 та шартнома асосида хизмат кўрсатадиган хусусий газ тўлдириш шохобчаси истеъмолчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда, – дейди Ж.Авазов. – Жорий йилнинг 7 ойида вилоятда 769 та маҳалладаги 507 минг 919 нафар аҳоли ва 429 та ижтимоий соҳа объектлари учун 50509,4 тонна суюлтирилган газ фонди ажратилди. Истеъмолчиларга 48597,7 тонна суюлтирилган газ маҳсулоти етказиб берилиб, эҳтиёжманд оилалар 3291 дона маиший газ баллони билан таъминланди.
– Куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўряпмиз, лекин газдан муаммо бўлмайди, деб олдиндан ваъда беролмаймиз, – дейди “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Маъруф Пардаев. – Филиалимиз тасарруфидаги Самарқанд газ тўлдириш станцияси, Ургут, Пайариқ, Пахтачи, Каттақўрғон ва Қўшработ газ тўлдириш шохобчаларида маиший газ баллонларни синовдан ўтказиш ва таъмирлаш цехлари мавжуд бўлиб, ўтган давр мобайнида 94 минг 952 дона маиший газ баллони синовдан ўтказилиб, 42 мингдан зиёд жўмраклар алмаштирилди.
Бугунги кунда аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ етказиб бериш мақсадида уч турдаги 120 га яқин юк машинаси шартнома асосида хизмат қилиб келмоқда. Газ баллонларини оғирлик ўлчовини назорат қилиш мақсадида 110 та махсус газ етказиб берувчи автомашинада 110 дона ўлчов тарози мавжуд бўлиб, давлат қиёслов кўригидан ўтказилган тартиб асосида аҳолига хизмат кўрсатилмоқда.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, фуқароларда суюлтирилган газ баллони бўйича муаммо ва саволлар бўлса ёки тизимда коррупция ҳолатларига дуч келса, 1104 ёки 66-239-78-02 телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.